my5
Sevimli

Қашқадарёда 9 йил олдин содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди

ЖИНОЯТ 21.10.2021, 15:52
Қашқадарёда 9 йил олдин содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди

Прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан узоқ вақт давомида очилмаган жиноятларни фош этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳар бир жиноят учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Аниқланишича, 24.01.2012 йилда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, “Қорабўйин” маҳалласида яшаган Т.Ғ. ўзига тегишли “Нексия-2” русумли автомашинасида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.

Т.Ғ. бошқарувидаги автомашина Самарқанд шаҳар, “Маданият” маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонидан топилган ва ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.  

Бедарак йўқолган Ғ.Т.нинг автомашинасини кўздан кечириш давомида, автомашинанинг турли жойларидан жами 14 дона бармоқ, кафт излари олинган.

Мазкур жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида ўта ўғир жиноят фош этилди.

Терговда аниқланишича, М.О., Т.А. ва Д.С. томонидан бедарак йўқолган Ғ.Т. қасддан ўлдирилиб, унинг жасадини Чироқчи тумани, “Шўрбозор” маҳалласи ҳудудида жойлашган заҳирадаги дала майдонида кўмиб, автомашинасини эса Самарқанд шаҳар, “Маданият” маҳалласи, “Нарпай” кўчасидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонига ташлаб кетишганлиги аниқланган.

 М.О., Т.А. ва Д.С.ларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган.

Ушбу жиноят иши юзасидан 3 нафар шахсларга ЖКнинг 97-моддаси билан айб эълон қилиниб, барчасига "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси