АсосийSiyosat

Абдулазиз Комилов МДҲ Ижроия қўмитаси раиси билан учрашув ўтказди

'Абдулазиз Комилов МДҲ Ижроия қўмитаси раиси билан учрашув ўтказди'ning rasmi

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов  бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон Президенти сайловида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси раҳбари сифатида мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати.

ТИВ маълумотига кўра, учрашувда Ҳамдўстликдан делегация юборилиши МДҲдаги ҳамкорларимизнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга катта қизиқишининг тасдиғи эканлиги қайд этилди.

МДҲ кузатувчиларига мамлакатимизда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш, сиёсий жараёнларда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўгърисида маълумот берилди.

Яқинда бўлиб ўтган Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг Саммити ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши натижалари, эришилган келишувларнинг бажарилиши ва МДҲ доирасидаги ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

МДҲ кузатувчилар миссиясининг Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясини мониторинг қилиш  бўйича 18 октябрь куни эълон қилинган муваққат ҳисоботига кўра, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон вакилларидан иборат МДҲ кузатувчилари, МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси, Беларусь ва Россия иттифоқи Парламент мажлиси, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитасидан 162 нафар кузатувчи аккредитация учун тақдим этилди.

    Бошқа янгиликлар