АсосийShou-biznes

Мен “Оскар" олганман — Муҳаммадисо Абдулхаиров

'Мен “Оскар" олганман — Муҳаммадисо Абдулхаиров'ning rasmi

Фильмларда бу актёр кўриниши билан беихтиёр чеҳрамизга табассум югуради. Режиссёрларда ҳам шунақа экан, улар Муҳаммадисо Абдулхаиров билан ишлашни яхши кўришади, чунки у ўзига топширилган ролларни бойитади, жонлантиради.

— Мендан кўпинча “Актёр бўлмаганингизда ким бўлардингиз?”, деб сўрашади. “Агар актёр бўлмаганимда... албатта, актёр бўлардим!” деб жавоб бераман. Чунки касбимдан ёмонлик кўрмадим. Обрў-эътибор топдим. Мени чинакамига яхши кўрадиган, фарзандларининг исмини “Муҳаммадисо” деб қўйган мухлисларим ҳам бор. Оддий бир актёр учун бундан ортиқ бахт борми дунёда? Бир сафар “Оскар” олиш ниятингиз борми?” деб сўраб қолишди. Менда “Оскар” бор, дея жавоб қайтардим. “Олганмисиз?” “Биз билмасдик?”, деган сўроқ “ёмғир”лари ёғилди. “Биласиз”, дедим мен хотиржамлик билан. “Истасангиз, ҳозир бирга бозорга борамиз, ўз кўзингиз билан кўрасиз. Атрофимга бирпасда камида йигирма-ўттиз одам тўпланиб, бирга суратга тушишни бошлайди. Ана шулар, менинг “Оскар”ларим!” дедим ғурур билан.

“Ролларимнинг ҳаммаси яхши, деб айтолмайман”

— Институтни тугатиб, “Илҳом” театрида иш бошлаганман. Буюк режиссёр Марк Вайль саҳналаштирган кўплаб спектаклларда турли-туман ролларни ўйнадим. Бутун вужудим билан, маза қилиб ўйнардим. Мени саҳнада кўриш учун келадиган мухлисларим бор эди. Кейин беш олти-йил “Ёш томошабинлар театри”да  ишладим. “Қирол Лир” спектаклидаги Глостернинг ўғли Эдгар  ролига Аброр Ҳидоятов номидаги театрга ҳам таклиф қилишган. Ижодимга кинолар қўшилгач, кўпроқ вақтимни суратга олиш майдонларида сарфлай бошлаганман. Кичик-кичик роллар билан секин-секин танилдим. Ролларимнинг ҳаммаси яхши, деб айтолмайман. Баъзида тажрибасизлик билан олинган фильмлардаги ижромдан афсусланган пайтларим ҳам бўлади. “Нега рози бўлдим?” деб ўйлайман. “Кейинги сафар жиддийроқ ўйлаб кўриб, кейин суратга тушиш керак”, деб ўзимни-ўзим урушиб қўяман.

“Санъатнинг нони қаттиқ, темирдан тишинг бўлиши керак”, деб бекорга айтилмаган. Баъзида кўнгилни оғритадиган ишлар ҳам бўлиб туради. Масалан, “Амир Темур” фильмига мен бош ролга тасдиқлагандим. Хоразмда уч- тўрт кунлик съёмка ҳам бўлган. Лекин баъзи сабабларга кўра, мени четлатишган. Бу ижод, хафа эмасман. Ахир ижодим тўхтатиб қолгани йўқ, кинодаман. 

“Муҳаббатим тарихи”

— Театр ва рассомчилик институтига ҳужжат топшириб юрган пайтларим эди, абитуриентман, бир иш билан деканатга кирдим. Эшикнинг тўғрисида Холидахон (рафиқам) ёзув машинкасини чиқиллатиб ўтирарди. Бир қарашдаёқ маҳлиё бўлиб қолганман. Юрагимда ҳиндча куй таралган. Тамом, шу кундан бошлаб деканатга серқатнов бўлиб қолганман. Охири кўнгилларимиз туташган. Омадни қаранг, худди шу кунларда ота-онам “Ўғлим, акангни уйлантирмоқчимиз, қўшалоқ тўй қилсак, нима дейсан?” деб қолишса бўладими! Хурсанд бўлиб кетиб, Холидахоннинг манзилини айтганман. У пайтларда ҳозиргига ўхшаб атиргулларни увол қилиш, тиз чўкиб, “Менга турмушга чиқинг?” дейишлар йўқ эди. Тўйимиз ҳовлимизда бўлган. Гиламларга исмлар пахтада ёзиладиган пайтлар ўтиб, ёниб-ўчадиган чироқчалар урфга кирган давр. Никоҳ оқшомини иккита видеокамера тасвирга олганининг ўзи маҳаллада дув-дув гап бўлган. Эркак киши ҳаётда икки нарса — касб ва умр йўлдоши танлашда адашмаслиги керак, дейишади. Шу икки танловим тўғри бўлганидан хурсандман. Ишдан қўлим бўшаган пайтларда уйга қўнғироқ қилиб, “Қалбим қуёши, яхши ўтирибсизми?” деб сўраб қўяман. Гаплашиб бўлганимдан кейин атрофдагилар: “Ким билан гаплашдингиз?” деб сўрашади. Хотиним билан десам, “Э, қўйинг, одам хотини билан ҳам шунақа гаплашадими?” деб ишонишмайди, тавба!..

“Нотўғри қилдим!” деганман”

— Кинода ролларим кўп бўлса-да, негадир мухлислар “Улфатлар” фильмини кўп эслашади. Режиссёр Собир Назармуҳаммаднинг “Девона” фильмида суратга тушаётганимизда Мурод ака “Яқинда бир кино оламиз. Шунда сен ҳам ўйнайсан”, деб қолдилар. Ҳали кўп камера олдида кўп роллар ижро қилмаганим учун, бу гапдан жудаям хурсанд бўлиб кетгандим. Орадан озгина вақт ўтиб чақирдилар, бордим. Мурод аканинг “Фильм қаҳрамонлари тўрт киши, ҳаммамиз синфдошмиз”, деган гапларини эшитиб, ўйланиб қолдим. Юзимдаги “Отамдан озгина ёш одамлар билан қандай қилиб синфдош бўла оламан”, деган ифодани сездиларми, билмадим.                                                                                           “Хавотир олма, грим қиламиз”, дедилар. Юрагимдаги қувонч билан ҳадик ўзаро қоришиб кетди. Бу ҳадик мени дубляж пайтида ҳам  тинч қўймади. Чунки, овозлаштириш жараёнида ҳам фильм ҳали тайёр бўлмаган, хулоса қилишга эртароқ бўлади-да... Кўрганим сари ич-этимни ейишда давом этдим. Ўзимга-ўзим “Бекорга ўйнадим! Бекор қилдим!” дейман нуқул.Премьера яқинлашган сари-ку уйқум ҳам, иштаҳам ҳам йўқолиб қолган. Миямда эрта-ю кеч фақат “3 кун қолди, 2 кун қолди, 1 кун қолди”, деган фикр айланади. Аммо, премьера куни, томошабинларнинг маза қилиб кулганлари, чалган қарсакларидан еттинчи осмонга чиқиб кетганман...

“Режиссёр танлайман…”

  — Мен роль, сценарий, режиссёр танлайман. Чунки актёр сценарийда ёзилган нарсани фантазиясини яхшилаб ишлатса, чиқариб бериши мумкин. Муҳими, режиссёр унга тўғри йўналиш бериб, нима истаётганини тушунтириб бера олишида. Шунда ижодингиз маҳсули чинакамига ўз мухлисини топади. Томошабин қалбига етиб боради. Кулдиради, йиғлатади, ўйлантиради. Кино ва театр санъатининг асосий вазифаси ҳам шу-да, аслида. Ўзбек киносида нопрофессионал ижодкорлар пайдо бўлгани бизнинг камчилигимиз. Шунга қарамай, “Ўзбек киноси ўлди...” деган гапга мутлақо қўшилмайман. Бу жуда ҳам ёмон гап. Ўлмасин! Бугунги кунда пандемия сабаб кинотеатрларимиз гавжуммас. Яратгандан бу кунлар тезроқ ўтиб кетишини сўраймиз. Лекин Муҳаммадисо Абдулхаиров бўш ўтиргани йўқ, сериалларда бандман. Яна қайноқ ижодга қайтиш, мухлисларимизни янги фильмлар билан хурсанд қилиш насиб этсин.

                                                           Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар