АсосийJamiyat

Бош прокуратура нисбатан очилган суд иши юзасидан маълумот берилди

'Бош прокуратура нисбатан очилган суд иши юзасидан маълумот берилди'ning rasmi

Аввалроқ, Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаб келган Самир Раҳмонов 26 апрель куни 33 ёшида вафот этгант ҳақида хабар бергандик. Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга марҳум ходимнинг отаси унга мурожаат қилиб, ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдиргани тўғрисида хабар берган эдик.

Бугун, 2 ноябрь куни ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Унда айтилишича, марҳум Самир Раҳмоновнинг отаси А.Раҳмонов Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига жавобгар Бош прокуратурасига нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳамда маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги қўшимча даъвоси билан 3 август куни мурожаат этган.

Фуқаролик иши суд мажлисида кўриб чиқилиши 24 август кунига тайинланган. Шу кунги суд мажлисида тарафлар ва уларнинг вакиллари иштирок этиб, ўз важларини келтириб, даъвогар томонидан маънавий зарар ундириш тўғрисида қўшимча даъво талаби келиб тушган. Мазкур қўшимча даъво юзасидан фуқаролик иши доирасида Бош прокуратура томонидан ҳужжатлар тақдим этилиши, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда меҳнат ҳуқуқ инспекторини учинчи шахс сифатида жалб этилиши сабабли суд мажлиси 6 сентябрга қолдирилган.

Шу кунги суд мажлисида мутахассис сифатида жалб этилган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Яшнобод туман бўлими вакили ва меҳнат ҳуқуқ инспектори келмагани сабабли суд мажлиси 17 сентябрга қолдирилган. Суднинг 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан А.Раҳмоновнинг даъвоси ва қўшимча даъво аризаси рад қилинган. Даъвогар мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, судга апелляция шикояти киритган.

Баёнотда маълум қилинишича, ушбу шикоят Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилади.

    Бошқа янгиликлар