"Ўзгидромет" хабарига кўра, совуқ ҳаво Ўзбекистондан аста-секинлик билан чекина бошлайди.
Бугун ва эртага республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида нам ҳаво массалари айланиб туради, бунинг ҳисобига Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кечаси ҳали совуқ бўлади, ҳаво ҳарорати 0-5° илиқ, шимолда 2-7° совуқ атрофида бўлади, кундуз куни эса қуёш ҳавони 10-15° илиқгача иситади.
10 ноябрда нам ҳаво массаси шимоли-шарқий томонга қараб харакатланади ва республиканинг марказий ҳудудлари бўйича баъзи жойларда кучсиз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 3-8° илиқ, кундуз кунлари 10-15° илиқ атрофида бўлади.
11-13 ноябрда республика ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 3-8° илиқ бўлади, кундуз кунлари эса ноябрь ойи ўрталари учун бўлган меъёрий қийматларгача 15-18° илиқгача, жанубда эса 20-21° илиқгача исийди.






