Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилда икки миллиардгача шприц етишмайди, бу эса ўз навбатида эмлаш тезлигига таъсир қилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти келгуси йилда дунёда COVID-19'га қарши эмлаш учун шприцларнинг глобал танқислиги юзага келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда ЖССТнинг дори воситалари ва соғлиқни сақлаш маҳсулотларидан фойдаланиш бўйича катта маслаҳатчиси Лиза Хедман маълум қилди, дея хабар беради "Замон".
Шунингдек, унинг таъкидлашича, бундай вазият қашшоқ мамлакатлар бир хил шприцлардан бир неча марта фойдаланишни бошлаганда яна бир муаммони келтириб чиқариши мумкин.
У тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчиларни бир марталик шприцларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўлини топишга чақирди.
Дунёда COVID-19'га қарши 6,8 миллиард вакцина жорий этилган ва ҳар йили 6 миллиард шприц ишлаб чиқарилади.






