АсосийJamiyat

2022 йилда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш қандай ташкил қилинади?

'2022 йилда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш қандай ташкил қилинади?'ning rasmi

Айни пайтда Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган дастурлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

"Ҳар бир ҳудудда сайловолди учрашувларида халқимиз билан бирга катта-катта марраларни белгилаб олдик. Олдимизда турган энг муҳим вазифа - ушбу дастурларни маҳаллагача тушириб, ижросини таъминлаш ҳисобланади.  Бугунги кунга қадар шаклланган дастур лойиҳалари эскича қолипда тайёрланган ва бирортасида “эга-кесим” йўқ, бирорта вилоят ҳокими буни ўзидан ўтказмаган”, деган Шавкат Мирзиёев ўз маърузаси аввалида.

Шу боис, маҳаллада иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш асосий мезон сифатида белгилаб олиниб, келгуси йил берилаётган маблағлар ва яратилаётган имкониятлар маҳалланинг эҳтиёжидан келиб белгиланади. Бу ишларни амалга оширишга ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида кўриладиган қатор чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинди:

- оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм берилади;

- пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади;

- мева-сабзавот лойиҳаларига 100 миллион доллар ва мева-сабзавот кластерларига 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади;

- аҳоли бандлигини таъминлашда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтирилади;

- аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.

Ҳоким ёрдамчилари бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб,  томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5-6 та қўй ва эчки, камида 5-10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

    Бошқа янгиликлар