АсосийSiyosat

Ўзбекистон ва Россия ўртасида 9 миллиард долларга тенг 600 та битим имзоланди

'Ўзбекистон ва Россия ўртасида 9 миллиард долларга тенг 600 та битим имзоланди'ning rasmi

Кеча, 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига ташрифи арафасида Москвада бевосита ва онлайн шаклда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги II-Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

Тадбирда 800 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, вилоятлар, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, бизнес уюшмалари раҳбарлари, йирик компаниялар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда Инвистициялар ва ташқи савдо савдо вазирлиги.

Тадбир дастури ўз ичига олган ялпи мажлисда Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M.Мирзиёевлар иштирокчиларга видеомурожаат йўллашган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетниковлар сўзга чиқиб, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳақида маълумот беришган.

Қайд этилишича, форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларии йўлга қўйишдан иборат.

Таъкидланишича, тадбир доирасида алоҳида мавзуларда сессиялар ташкил этилиб, уларда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланиш, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда туризмни ривожлантиришга оид муҳим мавзулар кўтарилган.

Шунингдек, раҳбарлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича навбатдаги режаларини батафсил очиб беришган. Улар истиқболли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни жорий этишга оид конструктив ташаббуслар ва аниқ таклифларни илгари суришган. 

"Форум доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар якунида умумий қиймати 9 млрд долларга тенг 600 та икки томонлама битим, жумладан, 7,4 млрд долларлик 141 та инвестициявий лойиҳа ва 1,6 млрд долларлик 455 та экспорт шартномаси имзоланди",-дея маълум қилади вазирлик. 

Шу жумладан, тадбир давомида металлургия, энергетика, кимё, электротехника, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, сув хўжалиги, нефть-газ тармоғи ҳамда банк-молия соҳаси каби ҳамкорлик йўналишларида келишувларга эришилган.

    Бошқа янгиликлар