my5
Sevimli

Ўзбекистон - Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

ИҚТИСОДИЁТ 23.11.2021, 18:00
Ўзбекистон - Ҳиндистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Кеча, 22 ноябрь куни Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси билан ҳамкорликда онлайн шаклда Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форуми ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) «Бизнес ва тадбиркорлик бўйича Ҳиндистон-Ўзбекистон форуми» ҳамраиси, FICCI хотин-қизлар ташкилоти вице-президенти Харжиндер Кор, Ўзбекистон ва Ҳиндистон дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари Дилшод Аҳатов ва Маниш Прабҳат, икки мамлакат бизнес доираларининг 50 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Адҳам Икромов Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва ижтимоий йўналишлардаги алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётгани, сўнгги уч йилда мамлакатимизда  ҳинд капитали иштирокидаги компаниялар сони икки баробар ўсгани бунинг яққол далили эканини таъкидлади.

Харжиндер Кор Ҳиндистон ишбилармонларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганини қайд этиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда икки давлатни ўзаро боғловчи халқаро транспорт йўлакларини такомиллаштириш ҳамда диверсификация қилиш долзарблигини айтиб ўтди.

Иштирокчиларга мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, бизнес юритишнинг афзалликлари, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда қулай тадбиркорлик муҳити ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳинд тадбиркорлари фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим, енгил саноат, ипакчилик, қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари каби истиқболли йўналишларда инвестициявий имкониятларидан кенг фойдаланишга таклиф этилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси томонидан ҳинд ишбилармон доиралари вакилларининг яқин муддатда Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этилиши маълум қилинди.

Тадбир якунида ушбу шаклдаги  бизнес-мулоқотларни ўтказилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари учун қулай имконият яратиб, келгусида самарали натижаларга эришишда муҳим омил бўлишига ишонч билдирилди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси