Шу кунларда сузиш спорт тури бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари қизғин давом этмоқда. Нуфузли мусобақада мамлакатнинг барча худудларидан келган жами 349 нафар спортчи совринли ўринлар учун курашга киришган. 25 ноябрга қадар давом этадиган баҳсларда иштирокчилар турли масофаларга сузиш борасида ўз маҳоратларини намойиш этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мусобақаларнинг илк кунида 100 метрга эркин, 200 метрга баттерфляй, 4х100 метрга комплекс ва 1 500 метрга эркин усулда сузиш бўйича баҳслар ўтказилган. Жумладан, 100 метр масофага эркин усулда сузиш мусобақасида маррага 50.33 сонияда етиб келган пойтахтлик Алексей Тарасенко олтин медалга сазовор бўлган. Ушбу дистанцияда кумуш ва бронза медаллари Навоий вилояти вакиллари Хуршид Турсунов (50.85 сония) ва Ойбек Хўжаевга (52.46 сония) насиб этган. Худди шу масофага аёллар ўртасида ўтган мусобақада энг юқори (1:00.19) натижани Республика олий спорт маҳорати мактаби вакиласи Анастасия Зелинская қайд этган.
"200 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича бўлиб ўтган мусобақада Республика олимпия захиралари коллежи талабаси Асад Абдумаликовга тенг келадиган топилмади. У 2 дақиқа 10 сонияда маррани босиб ўтди.
1500 метр масофага эркин усулда сузиш баҳсларида белгиланган масофани 17 сонияда босиб ўтган тошкентлик Абдужалил Абдуғаниев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ниҳоят, 4х100 метр масофага комплекс усулда сузиш мусобақасида 1-ўринни Навоий вилояти жамоаси банд этди (4:33.34). Андижонликлар 4:45.43 сония кўрсаткич билан иккинчи, 4:53.76 сония натижани қайд этган пойтахт жамоаси 3-ўринни эгаллади",-дея маълум қилинади хабарда.