АсосийJamiyat

Халқ таълимининг янги вазири ижтимоий тармоқда танқид қилинган Қашқадарёдаги мактабга бориб, ҳақиқатга гувоҳ бўлди

'Халқ таълимининг янги вазири ижтимоий тармоқда танқид қилинган Қашқадарёдаги мактабга бориб, ҳақиқатга гувоҳ бўлди'ning rasmi

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов кеча ижтимоий тармоқда эълон қилинган «Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 68-мактаб оғир аҳволда» деган мақоладаги вазиятни ўрганиш учун бугун мазкур мактабда бўлди. Бу ҳақда вазирликни Матбуот хизмати маълум қилди.

Ўрганиш натижасида бугун 338 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мазкур мактаб 1985 йилда қурилган бўлиб, мактабнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган.

photo2021-11-2414-10-35.jpg

Ҳолатни ўрганар экан Бахтиёр Саидов мактабни келгуси йил инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли масъулларга кўрсатма берган. Шунингдек бугунги кунда Қарши туман халқ таълими бошқармаси лавозими вакант бўлгани боис, мазкур лавозимга номзодларни кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берган.

Мактабга ишчи ташриф давомида вазир мактаб педагоглари билан суҳбатда бўлган.

«Мактабингизни инвестиция дастурига киритиб, ҳолатини имкон борича тез фурсатларда яхшилаб беришга ҳаракат қиламиз. Бугун сизлардан сўрайдиган нарсам, ўзингиз таълим ва тарбия бераётган ўқувчилар орқали оилаларга маънавият ва маърифат олиб киришингиз керак. Ҳар бир бола орқали биз жамиятга маърифат улаша олишимиз керак. Шунда олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз», — дейди вазир.

Шундан сўнг вазир синф хоналарга кириб ўқувчиларга вазир дарсини ўтиб берган. Дарс давомида ўқувчиларга ўзлари учун ёрқин келажак яратишга бугундан ҳаракат қилишлари зарурлигини уқтирган:

«Яхши касб эгаси бўлиш учун бугундан ўз устингизда ишлашингиз лозим. Бугун меҳнат қилсангиз, ўқисангиз ўз устингизда ишласангиз эртага албатта юксак марраларни забт этасиз», — деди Бахтиёр Саидов.

Бахтиёр Саидовнинг вилоят мактабларини ўрганиш жараёни давом этади.

 

    Бошқа янгиликлар