АсосийJinoyat

Босқинчилик режаси қотиллик билан якун топди

'Босқинчилик режаси қотиллик билан якун топди'ning rasmi

2021 йилнинг 25 мартдан 26 мартга ўтар кечаси. Ҳали одамлар қалбидан яшариш шодиёналарининг шукуҳи аримаган, энди уйғона бошлаган замин тафти яшашга, ҳаётдан баҳра олишга ундайдиган лаҳзалар. Тонглар ҳам ўзгача нурафшон отадиган онлар. Бироқ шу куни Шаҳрисабз туманининг шакартери қишлоғидаги хонадонлардан бирида бу тонг аянчли отди. Уйлар, йўлаклар қонга ботди. Эшитган қалбки титроққа тушадиган даҳшат юз берди.

Ўша куни эрталаб қишлоқда тадбиркор Ҳусниддин Маллаевнинг жиноий гуруҳ томонидан шафқатсизларча ўлдириб кетилганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ваҳимали хабарлар орасида жиноятга унинг турмуш ўртоғи бош-қош бўлганлиги хусусидаги гап-сўзлар ҳам бўлиб, аввалига бунга ишониш мушкул эди.

-Аслида укамнинг оиласидаги низолар 2017 йилда бошланган эди, дейди марҳумнинг опаси Ойниса Маллаева. – Декабрь ойлари эди, чамамда. “Улуғбек” исмли йигит менга қўнғироқ қилиб, “Келинизни яхши кўраман, укангизга айтинг, жавобини берсин. Ўзим унга уйланаман”, деди. Мен укамга буни айтганимда келинимиз аввалига тан олмади. Кейин ўртага “Қуръон”ни қўйиб, бошқа бунақа қилмайман деб қасам ичди. Укам ҳам 4 боласини ўйлаб, уни кечирди. Афсуски, у қасамини бузган экан. Шунақа жирканч режа тузиб юрган экан.

Жигардан айрилиш оғир мусибат. Эрта тонгдан нохуш хабар эшитган Ҳусниддин Маллаевнинг катта опаси ўша кунни шундай хотирлади.

-Тонг саҳар соат 4 ларда телефон қилиб хабар беришди, - дейди марҳумнинг катта опаси Зубайда Шаропова. – Келсам укамни шифохонага олиб кетишган экан. Ҳали вояга етмаган ўғлининг оғзи бурни қон, ҳаммаёқ қип-қизил қонга бўялган. Очиғи, ўша пайтда укамни ўлди, деб ўйламагандим. Аммо... (кўзига ёш олди).

Гумондорлар тез орада қўлга олинди. Тергов жараёнида маълум бўлишича, Ҳусниддин Маллаевнинг турмуш ўртоғи унинг Улуғбек Сувонқулов билан ишқий муносабатидан хабар топганлигини билиб қолиб, юзага келган оилавий келишмовчилик сабабли уйида сақланаётган пул маблағларини қўлга киритиб, қочиб кетиш кетиш режасини тузади ва Улуғбек Сувонқуловга ишончли одамларни топиб босқинликни амалга ошириш топшириғи беради. Топшириққа кўра тузилган жиноий гуруҳ пичоқ ва ёғоч бўлаклари билан қуролланиб, 26 мартга ўтар кечаси Ҳусниддин Маллаевнинг уйига келишади. Бу пайтда уйғониб қолган уй эгасини шафқатсизлик билан ўлдириб, сейфдаги тахминан 850 миллион сўм пул маблағини олиб ҳодиса жойидан яширинишади. Аянчлиси қотиллар ўша пайтда шовқин сурондан уйғониб кетиб, отасини ҳимоя қилмоқчи бўлган вояга етмаган болани ҳам аяб ўтиришмайди. Бола уларга кучи етмаслигини билиб қочишга муваффақ бўлади.

- Инсон боласи бундай ваҳшийликка боради деб ўйламагандим, - дейди марҳумнинг яна бир опаси Малоҳат Маллаева. – Шифохонада укамнинг танасидаги 33 та тиғ изини санадим. Қолганига бардошим етмади. Кейин билсам 44 марта пичоқ уришган экан. Тасаввур қиляпсизми, 44 марта?! Ҳатто шундай жароҳатлар бор эдики, пичоқ суқиб уни бураб чиқариб олишган. Пайларини, жағларини, қўлларини нимталашган. Эсласам даҳшатга тушаман, ҳозир ҳам. Энг ёмони бундай ваҳшийликка ҳали вояга етмаган болалар гувоҳ бўлишган. Қизи ҳозиргача ухлай олмайди. Чинқириб уйғонади. Кичик боласи эндигина 5 ёшга тўлди. Ҳатто шу гўдаккина ҳам титрашдан тўхтагани йўқ. Болалардан эшитган гапларни эса кўтарадиган бардошим йўқ. Қотиллар уйга соат кечаси 12 да киришган бўлса, тонгги 03 ларгача укамни қийнашган. 

Суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра, Ҳусниддин Маллаевнинг ўлимига унинг танасининг 44 жойидан пичоқ билан жаароҳатлангани сабаб бўлган.

Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Шуҳрат Ражабов сўнгги ҳукмни эълон қилди. Унга кўра қотил ёллаган аёлга Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а», «ж», «и» ва «п» бандлари билан 13 йилу 3 ой, кодекснинг 59-моддасида кўзда тутилган (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ҳолат юзасидан қисман қўшиш йўли билан 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, У.С.га эса Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 4-қисми «а» банди билан 18 йил, қисман қўшиш билан 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, гуруҳнинг бошқа аъзолари — Б.С.га 21 йилу 6 ой, А.И. ва Ж.Х.га 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. 

Шавкат АМИНОВ

    Бошқа янгиликлар