sevimli
Sevimli

Сомонийлар мақбарасининг лойи туя сутига қорилганми ёки хўроз қонига?

МОЗИЙДАН САДО 25.11.2021, 13:25
Сомонийлар мақбарасининг лойи туя сутига қорилганми ёки хўроз қонига?

Бухоро бугунгача энг гўзал тарихий обидаларни ўзида жамлаган қадимий шаҳар сифатида алоҳида эътироф этиб келинади. Жумладан, Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлганИсмоил Сомоний мақбараси ҳам ушбу муборак шаҳарда қад ростлаган. Бугун ўзининг такрорланмас кўриниши ва қурилиш технологиясига эга мазкур ёдгорлик ҳақидаги афсона ва ҳақиқатларҳақида баён қилиб, мозийга саёҳат қиламиз. 

ИСМОИЛ СОМОНИЙ КИМ?

Исмоил Сомоний мақбараси ҳозирги Бухоро шаҳрининг маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жойлашган. Геометрик тартиб ва қоида асосида бино қилинган обида Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб Исмоил Сомоний томонидан 864-868 йилларда бунёд этилган.
Исмоил Сомоний 848 йил Бухоро шаҳрида туғилган, 874 йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888-йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлган. У маданият ривожига катта ҳисса қўшган шахс сифатида тарихда қолган.

АКАСИНИ ЎЛДИРИШГА МАЖБУР БЎЛАДИ

Тарихда кўплаб ҳукмдорлар тахт учун ўз жигарлари билан тўқнаш келгани ва ҳатто, бири-бирининг жонига қасд қилишгача боришгани ҳақида ўқиганмиз. Хусусан, Исмоил Сомоний ҳам шундай аччиқ тақдирни бошдан кечирган. У 874 йилда Бухоро ноиби бўлган бир пайтда Мовароуннаҳрда акаси Наср ҳукмронлик қилган. 888 йилга келиб ака-ука ўртасига совуқчилик тушади ва бу катта урушга сабаб бўлади. Исмоил жангда акасини енгиб, ўз ҳаётини сақлаб қолиш билан бирга Моварауннаҳр амири, 892 йили эса мамлакат халифи этиб тайинланади.

Афсонами ёки ҳақиқат?

Исмоил Сомоний ҳукмронлик даврида ўзига улкан мақбара қурдирган. Мазкур мақбара ҳозирга қадар жаҳон архитектурасининг такомиллашган асари сифатида тан олинади. У гумбазсимон шаклида бўлиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон меъморчилигининг ўзига хос “Чор” услубида қурилган. Обиданинг 4 томони бир хил чордара шаклида. Маълумотларга кўра, ана ўша даврдан бошлаб бинокорликда илк бор юқори сифатли пишган ғишт, алебастрли қоришмалар ишлатилган. Ушбу архитектуравий ёдгорлик XI асрдан ортиқ вақт ичида дастлабки ҳоли тўлалигича сақланиб қолган обида саналади.
Унинг қурилишида пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилгани айтилган. Айрим манба ва ривоятларга кўра, ғиштни теришда орасига туя сутига қорилган лой ишлатилган. Бошқа афсоналарда айилишича эса обиданинг қурилишидаги лой учун қизил хўрознинг қонидан фойдаланилган, шу сабаб мақбара ғиштлари ҳеч қандай рангли бўёқларсиз ҳам ҳозиргача ўз жозибасини йўқотмаган, дея ҳикоя қилишади. 

ЎҒЛИ ЎЗ ҚУЛЛАРИ ТОМОНИДАН ЎЛДИРИЛАДИ

Меъморий обиданинг ўзига хос томони шундаки, у Ўрта Осиё архитектура ва санъат тарихидаги дастлабки мақбаралардан. Ёзма манбалар ва ривоятларга кўра, мақбарани Исмоил Сомоний отаси қабри устига қурдирган. Шарқ томондаги сағана Исмоил Сомоний қабри деб тахмин этилади. Бухоро ҳақидаги тарихий китобларда Исмоил Сомонийнинг ўғли амир Аҳмад 914 йилда ўз қуллари томонидан ўлдирилган ва мазкур мақбарага қўйилган деб ёзилади. Кейинроқ эса невараси Наср ҳам шу ерга дафн этилган. 

Исмоил Сомоний мақбараси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тарихий ёдгорликлар ичида биринчилардан бўлиб ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданияти мероси рўйхатига киритилган.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси