my5
Sevimli

1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

ЖАМИЯТ 25.11.2021, 16:50
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг жорий этилади

Президент қарорига асосан ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, қурилиш соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида харид комиссиясининг маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ва иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш ваколатлари бекор қилинади.

Чет элда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари ва хорижий шахсларга электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади

Президент фармонига кўра:

  • чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга оширилади.

Бундан ташқари, лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларидаги миллий валютадаги тўловлар БҲМнинг 10 фоизигача миқдорда белгиланади.

Кўчма савдо объектлари электрон тарзда рўйхатдан ўтказилади

Президент қарорига биноан кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда «K — SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда, тадбиркорлик субъектларидан рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди.

Етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ бекор қилинади

Президент фармонига асосан, 2021 йил 1 декабрдан:

  • етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилиш бўйича тижорат банкларига қўйилган тақиқ;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;
  • қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб бекор қилинади.

Ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади

Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобил ўтказиш пунктларида:

  • ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
  • ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;
  • тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси