my5
Sevimli

​​Ўзбекистонда Silk Avia янги авиакомпанияси ташкил этилади

ЖАМИЯТ 25.11.2021, 18:56
​​Ўзбекистонда Silk Avia янги авиакомпанияси ташкил этилади

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Uzbekistan Airports АЖ Silk Avia минтақавий шўъба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи 2022 йилдан парвозларни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар қилди.

Silk Avia авиакомпанияси 2021 йилнинг сентябрь ойида рўйхатга олинган. 14–18 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 доирасида Uzbekistan Airports ва HAS Aviation GT МЧЖ ўртасида минтақавий авиакомпания ташкил этиш стратегиясини яратиш бўйича шартнома имзоланган.

Таъкидланишича, минтақавий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу ўз навбатида аҳолининг авиация ҳаракатчанлиги коэффициентининг ошишига таъсир қилади.

«Биз бозорда ўзбекистонликлар учун ҳамёнбоп нархларда ички ҳаво қатновларини таъминлайдиган авиакомпания яратишни мақсад қилганмиз. Яқин-яқингача Ўзбекистон шаҳарларини боғловчи тўғридан-тўғри рейсларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз ички ташишни нафақат point to hub (пойтахтдан ҳудудларга) тамойили бўйича, балки point to point (ўзаро ҳудудлар ўртасида) тамойили бўйича ҳам ташкил этишдир.

Режаларда 40 тагача маршрут ишлаб чиқиш ва йўловчилар сиғими 70 кишигача бўлган ҳудудий ҳаво кемаларини харид қилиш кўзда тутилган. Тарифлар темир йўл тарифлари билан таққосланади. Бу ички туризм ривожига, истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний нархига ижобий таъсир кўрсатади», — деди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Қайд этилишича, янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур. Шунинг учун биринчи босқичда у Uzbekistan Airports бошқарув компанияси томонидан яратилади. Келгусида авиакомпанияни хусусий секторга ўтказиш режалаштирилган. Шуни таъкидлаш керакки, Silk Avia ўзини Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясига рақобатчи сифатида кўрсатмайди, балки ички ташишларни ташкил этишда ҳамкор сифатида ишлайди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси