Бугун, 25 ноябрь куни Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионати тантанали очилди.
Унда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев кейинги йилларда спортни ривожлантириш борасида юртимизда, хусусан, вилоятда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, Жиззахда илк бор ўтказилаётган ушбу чемпионатда иштирок этаётган 30 дан ортиқ давлатларнинг 300 нафардан ортиқ спортчиларига омад тилади.
Таъкидланганидек, миллий спорт туримиз бўлган белбоғли курашни дунё бўйлаб кенг миқёсда оммалаштириш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябрида Литванинг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилди ва расман Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ассоциацияга ҳамюртимиз Азизбек Ғаниев президент этиб сайланди.
Жорий йилнинг 7-10 октябрь кунлари айнан Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси ҳомийлигида тарихда илк бор Украина давлатининг Львов шаҳрида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Европа чемпионати ўтказилди.
Ушбу жаҳон чемпионати Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА), Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар кўмагида ўтказилмоқда.
Тадбирда иштирок этаётган меҳмонларга Белбоғли кураш федерацияси ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниевга Туризм ва спорт вазирлиги таъсис этган “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.