АсосийDunyo

Польшада «Fast Textile» халқаро кўргазмаси ўтказилади

'Польшада «Fast Textile» халқаро кўргазмаси ўтказилади'ning rasmi

Жорий йил 1-3 декабрь кунлари Польша пойтахтидаги «Ptak Warsaw Expo» кўргазма майдонида Европадаги нуфузли халқаро тўқимачилик кўргазмаларидан бири - «Fast Textile 2021» бўлиб ўтади. Унда мамлакатимизнинг 60 дан ортиқ тўқимачилик компаниясининг 130 нафар вакилидан иборат делегациянинг иштирок этиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Кўргазма доирасида Европа Иттифоқи мамлакатларида Ўзбекистон тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг «савдо миссияси»ни ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси маълумотига кўра, мамлакатимиз тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва Польшанинг импорт қилувчи компанияларининг мазкур кўргазма доирасидаги алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, ўзбекистонлик саноатчилар томонидан 2019 йил ушбу кўргазма доирасида 15 миллион долларга тенг шартномалар имзоланган бўлса, 2020 йилда экспорт битимлари миқдори 20 миллион долларни ташкил қилди.  2021 йилда эса 27-30 миллион долларлик келишувларга эришиш назарда тутилмоқда.

Жорий йил «Fast Textile 2021»  кўргазмасида жами 1 минг 700 дан ортиқ компания  ва  3 минг 300 мутахассис  иштирок этишга қизиқиш билдирган. Кўргазма стендлари ҳудуди 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Ўзбекистон вакиллари 600 квадрат метр майдонда жойлаштириладиган миллий стенд билан қатнашади.

Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилари Европа Иттифоқи давлатларига экпорт қилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг қарийб ярми Польша ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимиздан  ип-калава,  турли матолар, шунингдек, сумка, чойшаб, сочиқ сингари тайёр маҳсулотлар юборилмоқда. Польша дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўйлак, костюм-шим ва бошқа кийим-кечак турлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Польшалик импортчилар ўзбек тўқимачилиги маҳсулотларининг сифатидан мамнун. Бу Европа, жумладан, Польша бозорларида уларга бўлган талабнинг ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Кўргазма доирасида, шунингдек, Ўзбекистон, Польша ва бошқа мамлакатларнинг тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари вакиллари иштирокида конференция ташкил этиш, В2В ва G2В  шаклларидаги музокаралар уюштириш, Европадаги энг йирик ҳисобланган «GD International» Варшава тўқимачилик савдо маркази фаолияти билан танишиш ва у ерда семинар ўтказиш режалаштирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар