АсосийJamiyat

Суд экспертизаси маркази биноси бузилиш хавфи остида

'Суд экспертизаси маркази биноси бузилиш хавфи остида'ning rasmi

2019 йилнинг март ойида Республика суд экспертизаси маркази учун янги бинолар мажмуаси қурилган эди. Орадан уч йил ўтмай, марказнинг ҳалигача ҳокимлик балансида турган биноларидан бири бузилиши хавфи остида қолмоқда. Сабаблари номаълум, пойтахт ҳокимлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Фарғона йўли кўчасида жойлашган Ўзбекистон Адлия вазирлигига қарашли Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази биноларидан бири бузилиши хавфи остида эканлиги айтилмоқда.

Суд экспертизаси маркази аввал Чилонзор туманида, «Новза» метро бекатидан унча узоқ бўлмаган жойда жойлашган эди. 2019 йилнинг март ойида Президент қарори билан марказ учун маъмурий бино, суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази, материаллар, моддалар ва маҳсулотларнинг суд-тиббий экспертизаси лабораторияси ва инсон ДНКсининг суд-биологик экспертизалари учун лабораторияни ўз ичига олган тўртта корпусдан иборат янги ихтисослаштирилган мажмуа қурилган эди.

Республика суд экспертизаси маркази матбуот котиби Саидиллахўжа Саидхўжаев «Газета.uz»га, йил бошида янги маъмурий бино қурилиши бошлангани, июнь ойида ходимлар ўша ерга кўчиб ўтганини маълум қилди. Бир ой муқаддам ҳозирги собиқ маъмурий бинонинг фасади ва ён қисмлари махсус мато билан қопланганлиги бузиб ташланиши тўғрисидаги мулоҳазаларга сабаб бўлган эди.

Марказ вакилининг сўзларига кўра, бинолар мажмуаси ҳалигача Тошкент ҳокимлиги балансида бўлгани сабабли марказда маъмурий бинонинг кейинги тақдири ва қурилиш ишларининг қиймати тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига сўров юборилган, бироқ ҳокимлик Матбуот хизмати жавоб қайтармаган.

Марказнинг ҳар икки томонида йирик бизнес мажмуалари қурилмоқда.

Марказнинг чап томони Ozun Tashkent Construction`га (асосчиси — Olmazor City инвестори ҳисобланган Ozun Insaat Yatirim Danishmanlik Anonim Sirketi) тегишли Bizning Uylar Development савдо белгиси остидаги Alfraganus савдо квартали лойиҳасининг байроғи туширилган тўсиқ билан ўралган.

Alfraganus савдо офиси ва лойиҳанинг субпудратчиси сифатида фаолият юритувчи Discover Invest компаниясининг маълум қилишича, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази бинолари жойлашган ҳудуднинг Discover Invest ва Bizning Uylar Development компанияларига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Республика суд экспертизаси марказидан 300 метр масофада Orient City бизнес-парки, шунингдек, Golden House`дан бизнес-классдаги квартиралар қуриш режалаштирилган.

Геопортал ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулк ҳуқуқлар давлат реестри маълумотларига таяниб хулоса қилиш мумкинки, Alfraganus ва Orient City лойиҳалари ўнлаб гектар майдонни эгаллайди.

Манба: "Газета"

    Бошқа янгиликлар