Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилган “Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро конференцияда маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида судлар томонидан аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ 2.012 та жиноят ишлари кўрилган бўлиб, уларда 1.629 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган.
Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганларнинг 80% ҳеч қаерда ишламайдиган шахслар бўлса, уларнинг 19%ни аёллар ташкил этади.
Жабрланган аёлларни уйдан чиқариб ҳайдаш орқали тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича 2.071 та даъво кўриб чиқилган бўлиб, шулардан 1.582 таси ёки 76% бўйича даъво қаноатлантирилиб, тарафни уйга киритиш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.
Шунингдек, алимент ундиришга доир 6.585 та ишларнинг 5.275 таси ёки 80% бўйича ариза талаблари қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, 8.457 нафар хотин - қизлар мурожаатлари бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 2.569 таси қаноатлантирилган, 1.877 нафарининг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мазкур ўрганишлар натижасида қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 3 та жиноят иши қўзғатилган, 114 та протест, 101 та тақдимнома, 96 та огоҳлантирув тарзидаги прокурор назорати хужжатлари қўлланиб, 22,9 млн. сўм зарарлар ундирилган, 92 нафар мансабдор шахс интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган.
Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА






