Sevimli

Коронавируснинг Омикрон штамми Дельта вариантидан икки марта кўп мутация бўлгани маълум қилинди

ДУНЁ 29.11.2021, 19:57
Коронавируснинг Омикрон штамми Дельта вариантидан икки марта кўп мутация бўлгани маълум қилинди

Жанубий Африка Республикасида аниқланган Covid-19нинг янги штамми "жиддий хавотирлар"га сабаб бўлгани ортидан кўплаб мамлакатлар қатор Африка мамлакатлари билан борди-келдини бекор қилди, ЖАР президенти эса бу тақиқларни қоралади.

Коронавируснинг янги турини Лотин алифбоси тартибига кўра Бета ва Дельтадан сўнг Омикрон деб аташди.

Янги штаммнинг кучли мутацияга учрагани хабар қилинди.

Таҳлиллар Омикроннинг Дельта вариантидан икки марта кўп мутация бўлганини кўрсатди.

Унинг инсон ҳужайрасига кирувчи оқсили тожида 30 та ўзгариш бор.

26 ноябрь куни ЖАРнинг Иоханнесбургидан парвоз қилиб Нидерландиянинг Амстердам шаҳри аэропортига қўнган самолётлардаги 600 йўловчидан 60 дан ортиғида коронавирус аниқланди.

Улардан чорагида тестлар коронавируснинг Омикрон тури борлигини тасдиқлади.

Омикрон илк марта 24 ноябрда Жанубий Африкада қайд этилди, аммо у қаерда пайдо бўлгани ноаниқ - бу штамм ўта юқумли бўлишидан хавотирлар бор ва жаҳон бўйлаб пандемияни жиловлаш янада қийинлашиши мумкин.

АҚШ, Буюк Британия, Сингапур ва Қатар каби давлатлар Жанубий Африка минтақасига сафар чекловларини киритиши ЖАР Президенти Сирил Рамафосани ғазаблантирди.

"Бу чекловлар мутлақо асоссиз, улар бизнинг мамлакатимиз ва Африка жанубидаги қардош давлатларимизни камситади. Сафарни чеклаш қарори илм-фанга асосланмаган. У вируснинг бу турини бартараф қилолмайди", деди Президент Рамафоса.

Сафар чекловлари, умуман олганда, фойдасиз ва мутахассисларга кўра, уларнинг ҳам ўзига хос хавфи бор.

"Вируснинг янги турларини аниқлайдиган давлатлар "буни фош қилсак, бизни мақташ ўрнига жазолашади" дея келажакда ўзларини тийишлари мумкин. Бу эса Ковид-19 билан кураш мана шундай бўлиши керак деган нотўғри муждани беради", дейди Жон Хопкинс саломатлик хавфсизлиги маркази шифохонасидан Амеш Адалжа".

Баъзи давлатларнинг чоралари ундан-да қатъий бўлди.

Япония бош вазири хорижлик ташриф буюрувчиларнинг аксарига мамлакатга киришига рухсат берилмаслигини айтди.

Исроил янада қаттиққўлроқ чораларни киритди - у сайёҳларга атиги тўрт ҳафта аввал очилиши ортидан чегараларни яна ёпди.

"Давлат сарҳадларида сафар чекловларини ўрнатиш - осон қарор эмас. Аммо у зарур ва вақтинчалик", деди Исроил Бош вазири Нафтали Беннет.

Британияда дўконлар ва жамоат траснпортида юз ниқобларини тақиш яна мажбурий бўлади, мамлакатга келаётган ҳар бир шахс ПЦР тестидан ўтиши ва жавоби чиққунча карантинда бўлиши шарт. Бу чекловлар уч ҳафтадан сўнг қайта кўриб чиқилади.

Олимларга кўра, вакциналар Омикронга нисбатан қанчалар самарали эканини билиш учун камида икки ҳафта керак.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 3 декабрь куни бу борада фавқулодда мажлис ўтказиши кутилмоқда.

Дунёдаги бой мамлакатлар - йирик еттилик соғлиқни сақлаш вазирлари ҳам Омикрон вариантига қарши қандай чора кўриш масаласини муҳокама этиш учун тўпланишга қарор қилдилар.

Шарҳлар