sevimli
Sevimli

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаевнинг долларни “қора бозорда” алмаштирганини қоралади

ЖАМИЯТ 30.11.2021, 13:48
Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаевнинг долларни “қора бозорда” алмаштирганини қоралади

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеотасвирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шахобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 АҚШ долларини “қора бозорда” алмаштиришга мажбур бўлганлигини, бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси қонун ва тартибларини бузганлигини ҳамда ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.

Адлия вазирлиги депутат Расул Кушербаевнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатларини қоралади. Вазирлик хабарда кўтарилган муаммо ҳаётимизда учраётганлигини инкор этмаган ҳолда, унинг айнан ҳуқуқий томонига эътибор қилди.

"…Ўзбекистонда қонун чиқарувчи олий органнинг вакили томонидан амалда ва ўз кучида бўлган Ўзбекистон қонунларини бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракатларни Адлия вазирлиги қуйидагиларга асосан қаттиқ қоралайди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган юқоридаги қоидалар ва қонун талаблари кимгадир қулайлиги ёки қулай эмаслиги, ёқиши ёки ёқмаслиги, унинг фикридан, қарашларидан ва ижтимоий мақомидан ёхуд ҳафтанинг қайси куни эканлигидан қатъи назар бажарилиши мажбурийдир.
Ўзбекистонда ҳуқуқий онг ва маданият, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш бўйича жамият бирлашиб, шу мақсадлар сари интилиб яшаб келмоқда.

Албатта мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда ҳали қатор муаммолар мавжуд ва бу борада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Буни ҳар кунги ҳаётимизда, жамият вакиллари фикрларида, халқаро кузатувчилар ва ташкилотлар рейтингларида ҳам кўриб турибмиз. Шундай экан, ушбу муаммоларни ечиш ва қонунийликни таъминлаш устида бош қотириш керакми ёки тескарисини тарғиб қилиш керакми, деган ҳақли савол туғилади.

Иккинчидан, жамиятни қийнаётган, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар очиқ ва шаффоф барча даражада муҳокама қилиниб, ечимлар ўртага ташланмоқда. Бунда аҳолининг барча қатламлари, депутатлар, сенаторлар ва мутахассислар ўз фикрларини эркин баён этмоқда.

Лекин депутат Р.Кушербаев томонидан қонун билан жавобгарлик белгилаб қўйилган ҳуқуқбузарликни била туриб содир этиб, бу хатти-ҳаракатини кенг оммага намойишкорона маълум қилиниши жамиятни қонун устуворлиги томон эмас, тескари томонга чорлади, ноқулай пайтда қонунларни бузиш мумкин, ёқмайдиган талабларга кўз юмса бўлади, жавобгарликдан қўрқмайман деган энг нотўғри ва асоссиз сигнални жамиятимизга юборди.

Айниқса, бу ҳаракатлар, қонун қабул қиладиган энг олий орган вакили томонидан, ўзи қабул қиладиган қонунларга риоя этилишини тарғиб қилиши керак бўлган масъул инсон томонидан содир этилгани энг ачинарли ҳолатдир.

Келажакда ҳурматли депутат қонун устуворлигини бошқалардан талаб қилганда, ўзининг ушбу ҳаракатларини жамият аъзолари унга эслатишлари аниқ.

Учинчидан, Қонунчилик палатаси депутати сифатида Р.Кушербаев ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида тегишли сўров билан мутасадди идораларга мурожаат этиши, қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкин эди (валюта соҳасидаги қонунларга).
Афсуски, Р.Кушербаевнинг шахсий ўрнак сифатида қонунларни бузиш орқали муаммони ҳал этиш ва бундай ҳуқуқбузарликни маънан ёқлаш усулини танлагани, шу орқали ҳуқуқий нигилизмни тарғиб қилишга олиб келаётганлигини оқлаб бўлмайди.

Тўртинчидан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига асосан депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ...қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади. Мазкур қонуннинг 11-моддасига асосан депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги, депутатнинг ўз мақомидан жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган",- дейилади муносабатда.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси