sevimli
Sevimli

Дилдора Ниёзова: "Бугунги саҳна ҳақида бирор нарса дейишга ҳақли эмасман! Сабаби қачонлардир мен ҳам шу оқимда эдим..."

ШОУ-БИЗНЕС 13.12.2021, 11:13
Дилдора Ниёзова: "Бугунги саҳна ҳақида бирор нарса дейишга ҳақли эмасман! Сабаби қачонлардир мен ҳам шу оқимда эдим..."

1978 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган Дилдора Ниёзова кўп йиллардан буён мухлислари томонидан самимий ижодкор сифатида эъзозлаб келинади. Хонанда шу кунгача олти марта “Халқлар дўстлиги” санъат саройида яккахон концерт дастурини тақдим этган. Уч юздан зиёд муаллифлик қўшиқларини ёзган.

Дилдора опа, сиз ҳақингизда “Анчадан буён ижод қилмаяпти” дея фикр билдиришмоқда… 

— Яратганга шукрки, мен ижоддан тўхтаганим йўқ. Шунчаки ҳаётимдаги ўзгаришлар сабаб ижод намуналаримни фақат ижтимоий тармоқлар орқали мухлисларга етказиб боряпмиз. Аввалгидан фарқли равишда эзгулик ҳақидаги қўшиқларга, салавотларга кўпроқ урғу беряпман, холос. Яратган умр берса, мен гўзал хонишлардан тўхтамайман. 

Йигирма йил аввалги саҳна ва бугунги саҳна. Ўзбек санъати кўз олдингизда нималарни йўқотди? 

— Билмадим, мен бу борада бирор нарса дея олмайман. Ўзимдан қўшиб, ортиқча гапиришни истамасдим. Сабаби айни дамда мен саҳнада эмасман. Умуман олганда, ҳозирги ижодий жараённи кузатишга вақтим ҳам йўқ. Ўз йўналишим, оила, болаларим билан овораман. Солиштиришга, вазиятларга баҳо беришга ўзимни ҳақли, деб ҳисобламайман десам, тўғри бўлса керак. Чунки биз ҳам бир пайтлар айни шу оқимда оққанмиз, шундай ижод қилганмиз. Ҳамма нарса ўзининг замонасига қараб бўлса керак-да. 

— Ижтимоий тармоқлар оммалашмасидан олдин мухлислар куюнчакроқ эди. Бугунги тингловчи эса бевафороқдай туюлмайдими сизга? 

— Инсон астойдил яхши кўриб ижод қилса, ўша ижроси барибир мухлисга етиб боради. Ана шунда ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга ҳам унчалик ҳожат бўлмайди. Мен бу борада тингловчиларни ҳам айблай олмайман. Чунки ҳозир жуда ҳам санъаткор кўп, танлаш имкони кенг. Олдинлари ижодкор у қадар кўп бўлмагани сабаб мухлислар чиндан куюнчакроқ эди. Уларнинг муҳаббати, вафоси кучли эди. Шоу-бизнесга интилиб, бу йўлда юраман десангиз, жуда қийин. Хонанда ўз йўналишига эга бўлиши керак. Шунда ҳақиқий санъаткор даражасига эришиб, мухлислар қалбидан жой олади. 

— Болаликдаги оғриқларингиз ҳам йўқ эмас экан… 

— Менимча, ҳар биримизда болаликдан қолган оғриқлар йўқ эмас. Баъзан ўйлаб қоламан, айнан ўша оғриқлар туфайли ҳам эҳтимол шу даражагача кўтарилгандирман. Болалигимда синфдошларим мен билан бир партада ўтиришни истамасди. Устозим менга “Сендан пол артувчи чиқса ҳам катта гап” деганида, уйга йиғлаб борганман. Ўшанда беғуборлик билан Худога нола қилгандирману ва бу нолаларимни Яратган эшитгандир… 

— Эшитишимизча, миллиардер Алишер Усмоновнинг маросимлари сизнинг иштирокингизсиз ўтмас экан… 

— Ўтмас эди. Аввал. Тўғриси, интернет тармоқларини мунтазам кузатмаганим учун у инсонни яхши танимас эдим. Вилоятма-вилоят тўйларда юрганмиз-да. Кейин турмуш ўртоғим “Бу инсоннинг кимлигини биласанми, дунёнинг энг бой одамларидан бири”, дедилар. Бир куни хизматга борганимизда “Ҳамма жим бўлсин”, деб бутун давра тинчлангандан сўнг ижодим ҳақида жуда ҳам яхши фикрларни, тилакларни билдирдилар. “Сени кўришим керак” деб номланган таронам бўларди, Алишер Усмонов ушбу қўшиғимни жуда яхши кўриб тинглардилар. Бир тадбирларида шуни йигирма марталаб куйлаганман. 

— Дилдора Ниёзова ҳозир тўйбоп, шўх қўшиқлардан буткул воз кечдими? 

— Йўқ! Шаддод қўшиқлардан буткул воз кечдим, деб айтсам ёлғон бўлади. Бундай дея олмайман. Аслида воз кечаман, деб ўйлагандим. Жаҳл чиққанда ақл кетади деганларидек орада стрессга тушганимда турли хил қарорларга келишимга оз қолди. Ҳозир севги-муҳаббат ҳақида камроқ куйлашга ҳаракат қиляпман. Шунга қарамай, мен барибир санъаткорман ва бундан ор қилмайман. Тўйларга борганда ҳам шўх қўшиқлар билан даврадагиларни ўйинга чорлайман. Албатта, фақат аёллар бор давраларда уларнинг кўнглини олишга интиляпмиз. Чунки инсон тўйга дам олиш учун келади.

— Шоу-бизнес оламини кўплар “ҳийла-ю, душманларга тўлган олам” дея изоҳлайди. Сиз ҳам бу фикрларга қўшиласизми? 

— Нафақат шоу-бизнес олами, ҳозирги дунёмиз ҳақида ҳам гапирмоқчиман. Инсонлар ўзгариб кетишган. Барча нарса тезлик билан, енгил ўтиб кетаётгандай. Муҳаббат, оқибат, вафо деган туйғулар, умуман ҳамма-ҳаммаси ўз қадрини, салобатини, мустаҳкамлигини йўқотаётгандай, кучсизлашаётгандай, гўё. Ва энг ачинарлиси, булар оддий ҳолатга айланиб қолиб, биз ҳам буларни осонгина ҳазм қилиб юбораётгандаймиз. Мен барибир дунёда яхши инсонлар кўплигига ишонгим келади. Улар борки, дунё талафотлардан холи турибди. 

Ҳатто шоу-бизнесда ҳам халққа ёрдам бераётган инсонлар кўп. 

— Сиз қачондан ўзингиздаги руҳан ўсишни ҳис этдингиз? 

— Мен болалигимдан тўғри йўлда бўлишга, номимга доғ туширмасликка, ортимдан ҳар хил гап чиқармасликка ҳаракат қилганман. Умрим сўнгида, ҳаёт китобимга қараганда саҳифаларим чиройли бўлишини истайман. Одам ёш ўтган сари ёшлигига кўп разм соларкан. Тўғри, хатоларимиз ҳам кўп бўлган. Аммо мен ҳозирги кунларни кўрсатган учун Худога шукрлар айтаман. Биласизми, умр жуда шиддатли экан, ёшлик ниҳоятда тез ўтиб кетаркан… Биз барибир бандамиз, нотўғри ишлар қиламиз. Лекин руҳимизни пок қилишга уринавериш лозим. Шахсан мен бундан кейинги умрим давомида инсонларга яхшилик улашишга ҳаракат қилмоқчиман! 

— Ёшликда қайсидир устоз санъаткорларнинг танбеҳини эшитмаганингиздан ҳозир афсусланасизми? 

— Биринчи устозимиз, аввало, ота-онамиз. Улар кўп танбеҳ беришарди, илоҳим умрлари узоқ бўлсин. Устозларимдан ҳам кўп танбеҳ эшитардим. Мен бундан асло хафа эмасман. Камчиликларимни кўпчилик ичида айтишганида, тўғри, оғир ботган. Мендаги мақсад саҳнада биринчи бўлиш эмас, яхшилик йўлида биринчи бўлишдир. Интизомимда, хулқимда гўзаллик бўлишини истайман! 

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА суҳбатлашди. "Даракчи" газетаси 2021 йил 9 декабрь сони

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси