Аввалроқ, "Қўйлиқ" бозори бошқа жойга кўчирилиши ҳақида хабар қилинган эди.
Айни пайтда "Қўйлиқ" деҳқон бозори директори ўринбосари Қодиржон Нормирзаев ЎзА репортажида бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини маълум қилди.
«Янги мост ҳозирча лойиҳа. Мостни қурилишига 2025 йил ёки бошқа маълум бир вақт белгиланмаган. Қурилган тақдирда ҳам мост билан бозор орасида катта жой бор, айланма йўл қилиб, пастга туширганда ҳам бозорга ҳалақит қилмайди. Бозорнинг янги бозорга кўчирилиши бўйича ҳали бизга шаҳар ҳокимияти томонидан ёки бозорлар маркази томонидан ҳеч қанақа хабар берилмаган. Бу бўйича огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган», — деган Нормирзаев.
Шунингдек, репортажда бозор сотувчилари ва ишчилари 31 декабрга қадар Food City`га кўчиш бўйича огоҳлантириш хати маъмурият томонидан берилганини таъкидлашган..
Бозор директори номига ёздирилган хатда 31 декабрь кунигача фаолиятини тугатиб, Food City`да фаолиятини давом эттириши, агар ушбу қонуний талабга амал қилмаса МЖтКнинг 183 моддаси (майда безорилик), 194 моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда Жиноят Кодексининг 277 моддаси (безорилик) ва 229 моддаси (ўзбошимчалик) асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ хатда мазкур моддалар диспозиция дея қайд этилган.
Қодиржон Нормирзаевга кўра, огоҳлантириш хатлари маъмурият томонидан берилмаган.
«Огоҳлантириш хатини паттачи бергандир. Мендаги маълумотга кўра, бозор бузилмайди. Бозор бузилиши, кўчиши бўйича хат ҳам келмаган», — дея. қўшимча қилган у.
Бозордаги савдогарлар ва ишчиларнинг қўлидаги хат бўйича эса жавоб бера олмаслигини қўшимча қилган.
Шунингдек, ЎзА вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходими билан боғланган, бироқ мухбир бозорлар бўйича маъсул шахснинг телефон рақамини ололмаган.
Мавзуга доир:
Қўйлиқ бозори бузилишидан норози бўлиб йўлни тўсган бозорчилар қамоққа олинган(видео)






