Кеча, 14 декабрь куни “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбарияти, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари, шунингдек, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, ярмаркада 3185 та саноат ва ҳудудий корхоналар қатнашмоқда ҳамда тақдим этилган маҳсулотлар ассортименти 5169 та товар позициясини ташкил қилади.
С.Умурзаков тадбирни очар экан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат салоҳиятини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини ва бу борада мамлакат ҳукумати самарали чоралар кўраётганини таъкидлаган.
Мазкур ярмарка ҳам ана шундай чора-тадбирлардан бири бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни кўпайтириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва иш ўринлари яратишга қаратилгани қайд этилади.






