Жорий йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикасини Вазирлар Кенгашининг раиси Қаҳрамон Сариев жорий йил якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисидаги ҳисобот маърузасини ўқиб эшиттирди.
Қаҳрамон Сариевнинг ҳисоботида, 2022-2026 йилларда асосий эътибор қаратиладиган йўналишларнинг вазифа ва мақсадли параметрлари белгилаб олинган. Режага кўра бу даврда иқтисодий ва ижтимоий соҳани кенг ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, муносиб уй-жой ва яшаш шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалигини кафолатли сув билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар ҳам қамраб олинган.
Хусусан, келгуси 5 йилда:
- 288 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратиш орқали, Қорақалпоғистонда камбағалликни 3 бараварга қисқартириш энг устувор вазифалардан бири бўлади.
- Умумий қиймати 5 миллиард 100 миллион долларлик 2 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Ҳудудларда 45 та янги кичик саноат зонаси барпо этилади.
- Ҳудуднинг экспорт ҳажмлари камида 4 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.
- 70 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик учун очиқ танлов асосида ажратилади.
- 100 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини ва 120 минг гектарда мелиоратив ҳолатни яхшилаш, шўрланган ерларни 24 минг гектарга камайтириш чоралари кўрилади.
- Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 2 баробарга оширилади.
- Оролнинг қуриган ҳудудида яна 1 миллион гектар ўрмонзор ва бутазорлар барпо этилади. Шаҳар ва туманлар марказида жами 280 гектар майдонда жамоат парклари ва яшил майдонлар ташкил этилади.
- 2,6 минг километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 70 та сув иншооти барпо этиш орқали, тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 65 фоиздан 90 фоизга етказилади.
- 236 миллион долларлик лойиҳалар ҳисобига, 440 км канализация тармоғини қуриш орқали, оқова сув тизими қамрови 16 фоиздан 55 фоизга етади.
- 7 триллион сўм маблағлар ҳисобига 5 минг километр йўллар қурилади ва таъмирланади. Шунингдек, 500 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 370 та кўприк тўлиқ таъмирланади.
- Мактабгача таълим билан қамров даражаси 71 фоиздан 87 фоизга етказилади. Бунинг учун, янги 40 та давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилади, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 40 минг нафар болажонларга боғчага бориш имконияти яратилади.
- 55 та янги мактаб, 187 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қуриш ва 135 та мактаблар капитал таъмирланади.
- Қорақалпоғистонда 5 та нуфузли олийгоҳ ва хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади (ҳозирда
26 фоиз).
Сардорбек Раҳмонқулов






