АсосийJamiyat

"Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди" — Мирзиёев кадастр соҳасидаги муаммолар ҳақида

'"Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди" — Мирзиёев кадастр соҳасидаги муаммолар ҳақида'ning rasmi

Айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот котибининг мазкур тадбирдан хабар беришича, йиғилишда Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказиб, электрон рўйхатдан ўтказишни бошлагани ва 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилгани таъкидланган. Қайд этилишича, шундан, бугунги кунга қадар 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилган. Бундан ташқари, ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилган, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилган. 

Шу билан бирга, хатловда кўплаб муаммолар ҳам аниқлангани айтилади. Мисол ўрнида, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғоз шаклида юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи амалиёт билан фарқ қилгани айтилади.

Шунингдек, йиғилишда йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этилган.

"Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди. Юқоридаги натижалар ер кадастри соҳасида бошлаган ишларимизнинг 50 фоизи, холос. Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп. Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилганмиз. Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди", - дейди Президент.

Шу билан бирга, қаерда бўш ер борлиги тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, бу билан 30 йил ҳеч ким шуғулланмагани ҳам алоҳида қайд этилган. Маълум қилинишича, оқибатда кадастр ҳужжати бўлмагани учун 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойларини на кредит гарови сифатида қўя олади, на уни сота олади.

    Бошқа янгиликлар