Сўнгги вақтларда Фарғона вилояти ҳудудида бир эмас, бир неча маротаба ер силкиниши кузатилди.
ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази мазкур ҳолат юзасидан Darakchi.uz'га изоҳ берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг 70% қисми сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади.
"Жумладан Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятлари Республиканинг бошқа ҳудудларига нисбатан анчайин сейсмик фаол ҳудудлардир",-дейилади марказ хабарида.
Таъкидланишича, йил давомида Республика ҳудуди бўйича ўртача ҳисобда 1200дан ошиқ кучсиз ва сезиларли зилзилалар қайд этилади. Маълум қилинишича, ушбу зилзилаларнинг аксар қисми кучсиз зилзилалар бўлиб, фақатгина махсус асбоб-ускуналар ёрдамида аниқланади.
"Биргина Фарғона водийси ҳудудида ҳафта давомида ўртача 20-25та кучсиз ва сезиларли зилзилалар қайд этилади. Бу табиий жараён ҳисобланади. Бундан ташқари Республика билан чегарадош Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон ҳудудлари анчайин сейсмик фаол ҳудудлар тоифасига кирганлиги сабабли, мазкур давлатларда содир бўлган сезиларли зилзилалар бизнинг қўшни ҳудудларимизда ҳам сезилади. Умуман олганда Марказий Осиё минтақасининг кўп қисми сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади",-дейди ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази.
Алоҳида қайд этиладики, шу кунларда Фарғона вилояти Риштон туманида кетма-кет содир бўлаётган зилзилалар кучсиз зилзилалар ҳисобланиб, деярли инсонлар томонидан сезилмайди.
Маълумот учун, бугун ўзбек-қирғиз чегарасида ҳам зилзила содир бўлди. Зилзила координаталари: 40,3 градус шимолий кенглик; 71,1 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3. Чуқурлик 15 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 191 км жанубий-шарқда.