АсосийЖАМИЯТ

"Нима учун шес секундда?" Самарқандда уч кун аввал фойдаланишга топширилган 143 млрд. сўмлик туннелдан сув сизиб чиқаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

2021 йил 31 декабрь куни янги йил остонасида Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кў...

'"Нима учун шес секундда?" Самарқандда уч кун аввал фойдаланишга топширилган 143 млрд. сўмлик туннелдан сув сизиб чиқаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда'ning rasmi

2021 йил 31 декабрь куни янги йил остонасида Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасида бунёд этилган туннель шаклидаги йўл ўтказгич фойдаланишга топширилган эди. 

Маълумот учун: 2019 – 2020 йилларда амалга оширилган мазкур лойиҳага асосан умумий узунлиги 675 метр бўлган йўл ўтказгич бунёд этилди. Иншоотнинг эстакада қисми узунлиги 20 метр, баландлиги 5,7 метр ва кенглиги ўртача 26,3 метрни, тиргак деворларининг умумий узунлиги 551 метрни ташкил этди. Объектнинг умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этиб, тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилди.

Йўл ўтказгичда 66 та ёритиш чироғи, 1800 метр масофада трамвай изи ётқизилди. Бундан ташқари, 1640 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилди. Мазкур ҳудуд яқинида, Бўстонсарой кўчасини реконструкция қилиш жараёнида Сиёб каналида 6х3 метр бўлган тўғри тўртбурчакли галерея қурилди. Йўл кенгайтирилиб, транспорт воситалари ва пиёдалар қатнови учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Йўлнинг икки четида ҳимоя воситаси, шовқин камайтирувчи, баландлиги 4,55 метр бўлган қисмида 900 метр узунликда тўсиқлар ўрнатилди. Пиёдалар йўлаги ва велойўлак барпо этилди.

 

– Ушбу йўл ўтказгич Президентимиз томонидан олдимизга кўйилган вазифаларни биргаликда бажарсак, ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилсак албатта, юксак натижаларга эришишимиз мумкинлигининг яна бир исботи бўлди – деган эди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов очилиш маросимидаги нутқида. 

Ана шундай катта маблағ ва кўплаб шароитларга эга бўлган, фойдаланишга топширилганига атиги уч кунгина бўлган автомобиль-трамвай туннели шаклидаги йўл ўтказгич деворларидан ёмғир туфайли сув сизиб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

Ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва фаоллар томонидан кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан: 

"Умумий қиймати 143 миллиард сўмни ташкил этган ҳамда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган йўл иншооти, афтидан, кеча ёққан ёмғирлар синовидан ўта олмаган.  

P.S.: 2019 йилги маълумотларга кўра, мазкур туннел «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилиши керак эди.  

Ҳукумат қарори билан лойиҳачи, пудратчи ташкилотларни тўғридан-тўғри энг яхши таклифлар асосида танловларсиз белгилаб олишга мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигига, истисно тариқасида, рухсат берилган. Шунингдек, қурилиш-монтаж, таъмирлаш, реконструкция ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда амалга оширилишига ҳам ижозат берилган", - дея ёзмоқда "davletovuz"

 

"Ўзбекистон МТРКда тунелль кўринишидаги йўл ўтказгич очилиш маросимида кетган лавҳада журналист қиз томонидан: ''Режа бўйича 3 йилда қурилиши лозим бўлган тунелль 1,5 йил ичида, 1 йил ичида қурилиши лозим бўлган галарея типидаги йўл ўтказгичи эса олти ой ичида фойдаланишга топширилишига эришилди.'' дея таъкидланган.  

''Нега бунча тез ва нега галарея типидаги йўл қурилиши сўнги босқичи совуқ қиш ойларида барпо этилди?'' дея савол берадиган одамнинг ўзи йўқ.

Бу типдаги кўприк лойиҳа умумий қиймати 143 млрд сўм( тахм 14 млн доллар) бўлиб, қурилиш объектининг параметрлари қуйидагича:  

-йўл ўтказгич узунлиги 1 км,  

-баландлиги 5,8 метр,  

-кенглиги 26,4 метр,

-ёпиқ қисмининг узунлиги 120 метр.

Хўш, лойиҳада ҳудудда кузатилган ёғинларни хавфсиз талофатсиз ўтказиб юборувчи дренажларни қурушда қандай ёғин миқдори инобатга олинган? Ўзи умуман, қурилиш лойиҳасида табиий омил таъсирлари эътиборга олинганми? Самарқанд шаҳрида муқаддам кузатилган максимал ёғин жадаллиги тўғрисидаги маълумотлар асосида сув ўтказиш иншотлари лойиҳада кўрсатилганми?  

Ҳисобга олинган бўлса нега ''тўртта ёмғир''да сув янги объект деворларидан сизиб чиқмоқда? Баҳор-ёзги сел-сув тошқин келтириб чиқарадиган ҳақиқий интенсив ёғинлар даврида нима бўлади?  

Ўзи бу кўприкни қайси пудрат ташкилоти шес секундда қуриб ташлади? Ва нима учун шес секундда?"- дея ўз мулоҳазаларини билдирмоқда «Ўзгидромет» етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов. 

 

"Умуман олганда, давлат буюртмалари бўйича лойиҳалар қийматининг чексиз шиширилиши ва тақсимловчилар томонидан маблағларни ўзлаштиришда тугамайдиган қонунбузарликлар давлат яхши тақсимловчими ўзи, деган саволни ўртага чиқараверади.

Биз ғалвирда сув ташишни давом эттираверамизми?» дея мурожаат қилдирилган "Bakiroo" каналида

    Бошқа янгиликлар