АсосийJamiyat

Бухорода газни тежовчи янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди

'Бухорода газни тежовчи янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди'ning rasmi

2021 йилнинг 31 декабрь куни Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси томонидан Бухоро вилоятининг Бухоро туманида қурилган, қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли иссиқлик электр станциясининг илк қурилмаси ишга туширилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур станцияни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига улаш бўйича ишлар жадаллаштирилмоқда.

"Станция яқин 2-3 кун ичида тармоққа қувват узатишни бошлайди",-дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ушбу иссиқлик электр станцияси Бухоро вилоятида биринчиси ҳисобланади. Станция йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

"Лойиҳа қурилмаларининг фойдали иш коэфициентининг юқорилиги ҳисобига йиллик 260 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газга қўшимча 900 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади, бунинг натижасида (ушбу 900 миллион киловатт-соат электр энергияси билан) 450 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади",-дея маълум қилади вазирлик

Эслатиб ўтилишича, ушбу инвестиция лойиҳаси Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги ПҚ-5018-сон қарорига мувофиқ давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилди.

    Бошқа янгиликлар