Шу йилнинг 4 январ тонгида Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани Анорзор маҳалласида яшовчи 27 ёшли Мафтуна Тошпўлатова бирваракайига 3 нафар эгизакнинг онасига айланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг акушерлик комплексида чақалоқларнинг соғлом туғилиши учун алоҳида мутахассислар ва зарур тиббий жиҳозлар ҳозирланди.
Кесарча усулида, асорациз ўтказилган туғуруқ амалиёти натижасида 2,9 ва 2 килограммлик икки нафар қизалоқ ҳамда 3 килограммлик ўғил бола дунёга келди. Эгизакларга Мадинахон, Муҳаммадзиё ва Муслимахон деб исм қўйилди.
Айни пайтда гўдакларнинг аҳволи қониқарли. Шифокорлар уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланишига бош-қош бўлиб турибди.