sevimli
Sevimli

Бобур Бобомурод Фарҳод ва Ширин устидан арз қилди. Энди улар судлашади

ЖАМИЯТ 07.01.2022, 16:04
Бобур Бобомурод Фарҳод ва Ширин устидан арз қилди. Энди улар судлашади

Шоир Бобур Бобомурод ўзининг шеърий асарларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига арз қилган. 

Агентликнинг маълум қилишича, мурожаатда эстрада хонандалари Фарҳод ва Ширин шоирга тегишли бўлган “Фарҳод ва Ширин” хизмат кўрсатиш белгисидан унинг розилигисиз, ҳеч қандай шартнома тузмасдан фойдаланиб юрган. Бобур Бобомурод бунинг учун хонандаларга тегишли чора кўрилишини агентликдан сўраган. 

Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида фуқаролар С.Ф.(Фарҳод) ҳамда З.Ш.(Ширин) томонидан муаллиф Б.Бобомуродовга тегишли бўлган “Қалбим баҳори”, “Ҳаёт” номли шеърий асарларни муаллиф  билан ҳеч қандай шартнома тузилмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилганлиги ва омма олдида ижро этилганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига кўра адабий асарлар муаллифлик ҳуқуқи обектларидан бири ҳисобланади ва қонун билан ҳимоя қилинади.

Шунингдек, Қонуннинг 19-моддасига асосан муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда, хусусан асарни барчанинг эътиборига етказиш, асарни омма олдида ижро этишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади.

️Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар обектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.  

️Бундан ташқари, Агентлик томонидан Б.Бобомуродов томонидан тақдим этиган ҳужжатларни ўрганиш натижасида юқорида келтирилган фуқаролар томонидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланилаётган “ФАРҲОД ва ШИРИН” сўзи Б.Бобомуродовга тегишли бўлган МГУ 43187-сон “ФАРҲОД ва ШИРИН” хизмат кўрсатиш белгиси билан ўхшашлиги аниқланган.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга бўлиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

Юқоридагиларга асосан, фуқаро С.Ф. ҳамда З.Ш.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  177-моддасининг биринчи қисмида ва 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолати ҳамда ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган товар белгисидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланаётганлиги сабабли Агентлик томонидан ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди", - дейилади агентлик хабарида.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси