sevimli
Sevimli

Пенсия тайинлашда ўзгаришлар бўляпти

ЖАМИЯТ 13.01.2022, 11:03
Пенсия тайинлашда ўзгаришлар бўляпти

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Хўш, мазкур ҳужжат билан амалиётда қандай ўзгаришлар, янгликлар жорий этилади?

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ўрол ЎРОЗБОЕВ маълумот берди. 

Биринчидан, Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлаш масаласи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунида ўз аксини топмаганлиги сабабли, қонун лойиҳасида ушбу тоифадаги шахсларга пенсия тайинлаш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Иккинчидан, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўланиши белгиланмоқда.

Учинчидан, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш назарда тутилмоқда.

Тўртинчидан, республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш белгилаб қўйиляпти.

Энг муҳими, лойиҳа билан болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши, бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилиши белгилаб қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат ижтимоий ҳимояни кучайтиришга, етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси