Жорий йилнинг 6 январь куни соат 18:00 ларда 39 ёшли хитойлик S.W. Мирзо Улуғбек тумани Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган умумий овқатланиш масканининг бирида шу ерда оила аъзолари билан овқатланиб ўтирган 36 ёшли К.Д. билан ўзаро тортишиб қолади. Уни бош қисмига мушти билан бир зарба бериб, тан жароҳати етказади.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти берган хабарга кўра, суд тиббий экспертиза хулосасида К.Д.,да енгил турдаги тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан S.W.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) билан жиноят иш қўзғатилган.
Тергов жараёнида аниқланишича, S.W. ҳамда К.Д.,лар навбат талашиб келишолмай қолишган. S.W. фуқаро К.Д.,ни инглиз тилида ҳақорат қилган ва уни уриб, тан жароҳати етказган.
Маълум қилинишича, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.