АсосийJinoyat

Тошкентда 23 ёшли қиз чақалоғини 9.000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди

'Тошкентда 23 ёшли қиз чақалоғини 9.000 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди'ning rasmi

Ҳали турмушга чиқмаган 23 ёшли қиз чақалоғини сотаётганида кимёвий ишлов берилган 9.000 АҚШ доллари билан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туман ИИО ФМБ ЖҚ ходимлари ва ДХХ ходимлари хамкорлигида ўтказилган тадбирда ашёвий далиллар билан қўлга олинган... Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова хабар қилди. 

Маълум қилинишича, судланувчи суд мажлисида унга нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдирган:

— 2020 йилда Наманган вилоятидан Тошкент шаҳрига ишлаш учун келгандим. Ўша йилнинг ноябрида ҳомиладор эканлигим ҳақида билдим. 2021 йилнинг ёзида ижарада бирга яшаб турган танишим ҳомиладорлигимни кўриб, ҳомилам тўғрисида сўради. Ҳомиламни оила-аъзоларим билмаслигини, яшириб юрганимни айтдим. Хонадошим “болани туғиб, менга бер. Эвазига 15.000 АҚШ доллари бераман”, деди. Дастлаб таклифини рад этиб, ўзимнинг туғишган опам фарзандсиз эканини тушунтириб, туғилажак фарзандимни опамга бериш ниятим борлиги айтдим. Шунга қарамай у “таклифимни уйлаб кўр”, деди. Орадан бир оз вақт ўтиб, хонадошим яна болани сотиб олиш таклифи билан мурожаат қилди. “Ҳозирда 15.000 АҚШ долларим йўқ. 10.000 АҚШ долларим бор. Шу нархга сота қол”, деди. Таклифига жавобан болани тўққанимдан кейин жавоб беришимни айтдим. 2021 йилнинг августида туғруқхонага хонадошим билан биргаликда бориб ётдим. Шу куни фарзандим туғилди. Хонадошим ҳар куни келавериб, болани сотишга кўндирди. Туғруқхонадан уйга чиққанимнинг эртаси кунига менга қўнғироқ қилиб, “турмуш ўртоғим вилоятдан келяпти, ёнида 9.000 АҚШ доллари бор. Бола учун фақатгина 9.000 АҚШ доллари бера оламан”, деди. Таклифига рози бўлиб, эр-хотин билан кўришишга келишдик. Келишганида аёлга боланинг ҳужжатлари йўқлиги, ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг сотишимни айтдим. “Ҳужжатларни кейин қилиб берасиз. Ҳозир пулларни олиб, болани менга беринг”, деган гапига рози бўлдим. 9.000 АҚШ долларини олганим тўғрисида тилхат ёзиб беришим кераклигини айтди. Ўз хоҳишим билан тилхат ёзиб бердим. Кейин пулларни олган вақтимда, прокуратура ходимлари келиб, ўзларини таништиришди. Холислар иштирокида ёнимда бўлган 9.000 АҚШ долларини чўнтагимдан чиқариб, стол устига қўйдим. Ҳозирги кунда фарзандим болалар сақланадиган болалар уйида. Қилмишимдан пушаймонман. Ўзимга тегишли хулосалар чиқардим. Аёл мени кўндирмаганида, фарзандимни сотмаган бўлардим. 

 

Судланувчи суд ҳайъатидан унга нисбатан жазо тайинлашда одилона ва камроқ муддатга жазо тайинлашни, ўзи дунёга келтирган фарзандини вақтинчалик онасининг қармоғига олиб бериш учун ёрдам берилишини сўради.

Бахром Бердиев, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси: 

— Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

 

    Бошқа янгиликлар