Мана неча кундирки Истанбулда кучли қор ёғиши тўхтамаяпти. Узоқни кўриш чеклангани туфайли кемалар ҳаракати тўхтатиб қўйилди. Шаҳарлараро автобус қатнови ҳам амалга оширилмаяпти. Шаҳар шимолида иккита автобус ҳалокатга учради. Бунинг оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 18 киши жароҳат олди.
Синоптикларнинг прогнозларига кўра, Истанбулда бундай ёғингарчилик чоршанбага қадар давом этиши кутилмоқда. Шаҳар аҳолисидан иложи борича кўчага чиқмаслик, йўлларда ҳаракатланмаслик сўралмоқда.
Маълумот учун, ҳозирда Анқара ва Истанбул ўртасидаги автомагистраль, шунингдек, Истанбул аэропортига кириш йўллари бир неча соатга тўсиб қўйилган.
Давлат хизматчиларининг иш куни бир неча соатга қисқартирилди.
Иккита ҳаво бандаргоҳида ўнлаб рейслар бекор қилинган. Янги Istanbul аеропортида том қор оғирлиги туфайли қулаб тушган.
Совуқ бўрон Туркиянинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олгани маълум қилинди.
Истанбулда қор бўрони ёпирилганига қарамай, одамлар давлат новвойхоналаридан бирида нон учун катта саф тортишди. Улар қийин вазиятда совуқда туришга мажбур, чунки бундай жойларда маҳсулот нархи аниқ қилиб белгиланади ва бошқа дўконларга қараганда анча паст бўлади.