АсосийSiyosat

Тараққиёт стратегияси: Давлат дастури ижроси доирасида 55 трлн сўм ва 11,7 млрд доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда

'Тараққиёт стратегияси: Давлат дастури ижроси доирасида 55 трлн сўм ва 11,7 млрд доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда'ning rasmi

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш масалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясида яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг ривожланиш тенденциялари, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини комплекс ривожлантириш йўналишлари аниқ белгиланган.

Ушбу тарихий ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, уни ишлаб чиқишда мавжуд муаммолар эътиборга олинди, ечимини кутаётган долзарб вазифалар акс эттирилди. Энг муҳими, ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида халқимиз фаол иштирок этди.

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгилаб олинган.

Давлат дастури ижроси доирасида 55 трлн сўм ва 11,7 млрд доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Давлат дастурининг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши ижросини таъминлаш Олий Мажлис палаталари масъул этиб белгиланган.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси юзасидан парламент назорати йўлга қўйилади.

Давлат дастури маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш бўйича чораларни ҳам назарда тутади. Бунда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда маҳаллаларнинг ваколатларини, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кенгайтириш, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш каби вазифалар амалга оширилади.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Шунингдек, бюджет ташкилотларига аниқ стратегик вазифалар қўйиш, уларга сўров юбориш амалиёти жорий қилинади. Ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, масофавий ишлаш йўлга қўйилади, ҳудудларни ривожлантириш масалаларида вакиллик органлари иштироки кучайтирилади.

Муҳокамаларда ушбу вазифаларнинг жойлардаги ижроси Сенатнинг тегишли қўмиталари ҳамда ҳудудлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди.

 

 

    Бошқа янгиликлар