Бу ҳақда бугун бир қатор долзарб масалаларга доир ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими Муроджон Азимов маълум қилди.
– Мана Миришкор тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлсада, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ долларининг 50 000ни олаётганда қўлга тушган. Бу ишда туман ҳокимини ҳам оқламайман. Ижтимой тармоқларни ўқидингизми Ш.Санаев "балиқ бошидан" деган гаплар чиқаяпти. Афсуски, бу гапларда жон бор. Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб, туман марказига ичимлик суви олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғилланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда?
Вилоят ва туман(шаҳар) ҳокимликларида ишлайдиган оддий ходимгача ўрганиб чиқилади. "Ишингизни ҳал қилиб бераман" дейдиган ишбилармон ходимлардан шу сонияни ўзида воз кечилади.
Ишламайдиган кўча одамлари ҳам айрим туман ҳокимликларига кириб чиқаётгани ҳақида ҳам хабарим бор. Аслида, сизлар ундай одамларни яхши кўрасизлар, мен эса ундай зараркунандаларни ёмон кўраман, ривожланишга ғов бўлаётганлар қаторида улар ҳам туради. Ҳокимликларга кириш-чиқиш масалалари ҳам тўлиқ назоратга олинади.
Бир нечта ҳокимларни ҳам айбини, кирдикорини ёки ўз вазифасини виждонан бажармаганини бўйнига қўйиб ишдан олишни бошладим. Ҳуқуқий ўрганишлар тугасин, кўп нарсаларни эшитасизлар.
Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаев сиз тажрибали ва ҳалол одамсиз. Ходимларингизни ҳам назорат қилинг, қаттиқ ушланг, қонун устивор бўлиши керак сиз раҳбар бўлган жойда,–деди Муроджон Азимов
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг матбуот котибининг хабар беришича, Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари 50 минг АҚШ доллари билан қўлга тушганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.





