АсосийJamiyat

Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб, у нарса ундай, бу вилоятликлар бундай, деган гапига ҳуқуқий нуқтаи назардан биз чидаб тура олмаймиз – Адлия вазири

'Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб, у нарса ундай, бу вилоятликлар бундай, деган гапига ҳуқуқий нуқтаи назардан биз чидаб тура олмаймиз – Адлия вазири'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, айни пайтда "Адлия вазири жамоатчилик олдида ҳисобот беради” номли журналист ва блогерлар учун ҳисобот учрашуви бўлиб ўтмоқда. Ушбу учрашувда Адлия вазири Русланбек Давлетов айрим домлаларнинг маърузалари ихтилофга сабаб бўлиши ҳақида гапириб, вазирлик бу масалаларни назорат қилиб боришини таъкидлади. Бу ҳақда Darakchi.uz журналисти хабар бермоқда.

"Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб, "У ишни қилса, бундай бўлар экан, бу ишни қилса, бундай бўлади. Бу нарсани ичса, бундай бўлади, бу вилоятликлар бундай", деган гапига ҳуқуқ нуқтаи назаридан биз чидаб туролмаймиз.

Чунки бу, биринчидан, жамиятимизнинг бўлинишига олиб келяпти, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ. Биласизларми нимага? Чунки одамларга тамға босиш ҳуқуқи йўқ. Динга хоҳласа, ишонади, хоҳламаса, ишонмайди. Хоҳламаса, умуман тарки дунё қилиб яшайди. Бу одамнинг конституциявий ҳуқуқи. Шунинг учун қонунда белгиланган кафолатларни кимлардир чиқиб, мақомидан қатъи назар, инкор қилолмайди.

Бир сигнални диний ташкилотларга ва барча шу соҳадаги домлаларимизга еткизиб қўймоқчимизки, биз Адлия вазирлиги сифатида бу фаолиятни назорат қиламиз. Биз бу борада жуда фаол ишлаймиз. Чунки ҳеч қачон бу масалаларни бир нормага келтириб бўлмайди. Ҳамма ўзининг фикрини айтаверади, бу эса бўлинишга олиб келаверади. Шунинг учун ҳам қонунда ҳамма ўзи ҳал қилади, деган. Бекорга айтилмаган виждон эркинлиги, деб. Ҳамма виждонининг олдида ўзи жавоб беради. Бўлмаса, аҳлоқ полицияси қилайлик, кўчага чиқиб юбкаларнинг узун-калталигини ўлчайлик. Бунинг охири бўлмайди.

Мен бу гапларни ҳуқуқий нуқтаи назардан айтаяпман. Менинг аҳлоқий нормалар тўғрисида гапиришга ҳаққим йўқ. Гапирсамам, ўзимнинг фуқаро сифатидаги фикримни айта оламан.

Мен сўзимни Девид Фримен деган олимнинг фикри билан якунламоқчиман: "Одамларнинг дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринг", — деган Руслан Давлетов.

    Бошқа янгиликлар