Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимида фаолият кўрсатган Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоят ИИБга раҳбарлик қилиб келган Шавкат Раҳмонов бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифасидан озод этилган.
Маълумот учун:
Раҳмат Маматов 1967 йилда Қашқадарё вилояти Қарши туманида туғилган. Маълумоти – олий, ҳуқуқшунос, полковник ҳарбий унвонига эга. У Қарши давлат педагогика институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган.
Фаолияти давомида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Навоий вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимларида ишлаган.
2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенат мажлисида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматовни “Маҳалла” хайрия жамоат фондига раҳбар бўлиши ва сенатор этиб тайинланишини айтиб ўтган.
Шунингдек, 2020 йил 18 февралдаги фармонига мувофиқ у Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига тайинланган.






