Киев ва Одесса аэропортларининг онлайн таблоси маълумотларида Ғарб авиакомпанияларининг Украинага рейсларини оммавий равишда бекор қилгани маълум қилинди.
Таъкидланишича, Киевдаги Борисполь аэропортига Delta Airlines ва KLM рейсларининг келишини бекор қилди. Ryanair авиакомпаниясининг Киевдан Познанга ва Одессадан Варшавага бўлган рейслари ҳам бекор қилинган.
Хабарларга қараганда, KLM 12 февралдан бошлаб Украинага парвозларни тўхтатди. Бундан ташқари, компания самолётлари Украина ҳаво ҳудудига кирмайди. Украина авиакомпанияларининг ижарага олинган самолётлари ҳам ижарага берувчининг илтимосига кўра, бошқа шаҳарларга қўнишга мажбур. Суғурта компаниялари ўз мижозларига Украина ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган ҳодисалар суғурта ҳодисаси сифатида тан олинмаслиги ҳақида аллақачон хабардор қилган.
Германиянинг Lufthansa компанияси ҳали ҳам Украина билан парвозларни тўхтатиш имкониятини муҳокама қилмоқда, деб ёзади РИА Новости. Шу билан бирга, Инфратузилма вазирлиги ҳаво ҳудуди очиқлигича қолаётганини ва давлат авиаташувчилар учун хавфларнинг олдини олиш бўйича иш олиб бораётганини маълум қилди.






