Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдонида Владимир Жанибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида хабар эълон қилинди.
Юқоридаги масала юзасидан Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:
Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан обект жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан обектнинг атрофига ётқизилган мармар (бурчаткалар)нинг алмаштирилиши режалаштирилганлиги аниқланди. Қурилиш ишларини рухсациз бошлаганлиги учун эса “MIMАR GROUP MChJ” га огоҳлантириш хати берилди ва жараён тўхтатилди.
Вазиятни Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса қуйидагича изоҳлади:
"Яккасарой туманида жойлашган “Космонавтлар боғи" бугунги замонавий боғ ҳамда сайилгоҳлар талабларига жавоб бермаётганлиги, унда аҳоли сайр қилиши, хордиқ чиқариши учун шарт-шароитлар етарли бўлмаганлиги сабабли ушбу ҳудудда замонавий қулайликларга эга сайилгоҳ ташкил этиш режалаштирилган.
Шаҳарсозлик талабларидан келиб чиқиб, малакали мутахасассислар томонидан тайёрланган лойиҳада боғ ҳудудидаги яшиллик ва дарахтларни сақлаб қолиш ҳамда кўкаламзор майдонни янада кенгайтириш инобатга олинган.
Янги боғда, "Жемчуг" ва ИИВ оралиғидаги ҳудудда пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади, болалар майдончалари ўрнатилади ва аҳоли талабига кўра, бошқа қулайликлар яратилади.
Таъмирлаш жараёнида сайилгоҳга яқин яшовчи, бу ердан қатновчи аҳолига ва сайр қилувчиларга ноқулайликлар бўлиши мумкин ва бунинг учун узр сўраймиз" дейилади хабарда.











