Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги олийгоҳда ўтказилган тадбирда юзлаб талабалар олдида арабча рақсга ўйнаётган қизнинг ҳаракатлари тарқалди ва бу жамоатчиликнинг кескин норозилигини келтириб чиқармоқда.
Ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодов муносабат билдирди.
Аниқлик киритилишича, бу ҳолат Фарғона политехника институти Машинасозлик факультети маънавият бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда кузатилган. Изоҳга кўра, факультет талабалари ўртасида ўтказилган ҚВЗ тадбирида турли халқларнинг миллий рақсларидан намуналар намойиш этилган. Унда рақсларни институт талаба қизлари эмас, балки ҳаваскор рақс гуруҳи раққосалари томонидан ижро этилганлиги маълум бўлди.
Мана шу дақиқаларда Олий таълим вазирлигида илм-фанни ривожлантириш бўйича кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб, унда ютуқлар, натижалар, вазифалар белгилаб берилаётган бир пайтда олий таълим муассасаларида савиясиз маънавий тадбирлар ўтказилаётгани биринчиси эмас.
Вазирлик бундай ҳолатларни кескин қоралайди ва олийгоҳлардаги маънавий ахлоқий тадбирларни ташкил этишда масъул бўлганларни аниқлаб, уларга нисбатан қатъий чоралар кўради.
Мазкур ҳолат бўйича танқидлар кети совимасдан, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминистр университетидаги ҳолат ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.
Унда ёшларнинг ўзаро рақс мусобақаси акс этган бўлиб, ҳолат кескин танқид остига олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан бирор расмий изоҳ берилгани йўқ.






