Тошкент шаҳрининг «Наврўз» этнопаркида беш кун — 19, 20, 21, 22, 23 март кунлари оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Айни кунларда боғда байрам учун тайёргарлик жараёнлари якунланди. "darakchi.uz" байрам манзили — «Наврўз» этнопаркида бўлди. Санъаткорлар чиқиши, турли мусиқий ва шоу намойишлар, таомлар фестивали, ва ҳунармандчилик кўргазмалари каби қатор байрамона тадбирлар режалаштирилаётган боғда барча нарса тайёр ҳолатга келтирилган.


Байрам кунларида аҳоли учун нималар ташкил этилаётгани ҳақида янада батафсил билиш учун масъулларга юзландик.
Ҳожиакбархўжа МАҲМУДОВ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходими:
— Дастурда таниқли санъаткорлар, ёш эстрада ижрочилари ва рақс жамоалари, спорт усталари, бадиий ҳаваскорлар ва фольклор жамоаларининг чиқишлари, ёш ҳунармандларнинг кўргазмалари, шунингдек кечки дастурлардан лазер шоулари ўрин олган.
Сайл учун илк бор 100 та тандир ўрнатилган, унда 10 000 дона сомса, бундан ташқари анъанавий сумалак, палов ва бошқа миллий таомлар тайёрланади.

Маълумот учун: Президент қарори билан Наврўз байрамизда ўзбекистонликларга қўшимча дам олиш кунлари берилган.
Унга кўра:
- 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 5 кун;
- 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 4 кун дам олишади.
Бунда қуйидагича бўлади:
- 19 март, шанба — 5 кунликларга дам олиш, 6 кунликларга иш куни;
- 20 март, якшанба — барча учун дам олиш куни;
- 21 март, душанба — Наврўз байрами, барчага дам олиш куни;
- 22 март, сешанба — барча учун қўшимча дам олиш куни;
- 23 март, чоршанба — барча учун қўшимча дам олиш куни.






