Пойтахтимизда Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Куни кеча тадбир доирасида илк келишувлар имзоланди, панел мунозаралари, сессиялар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Иккинчи кун ҳам биринчи кундан кам бўлмаган воқеаларга бой ўтмоқда – кун тартибида муҳокама қилинадиган кўплаб мавзулар мавжуд бўлиб, улардан бири — янгиланган ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги саноати учун янги бозорлардир.
Шу ном остидаги сессия маҳаллий ва хорижий экспертларни бир жойда бирлаштирди. Улар юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга ўтиш бўйича қандай қадамлар қўйилаётгани, шунингдек, инвесторларнинг ушбу ўзгаришларда иштирок этиш истиқболлари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспортни ривожлантириш билан бирга қишлоқ жойларда юқори маошли иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилишди.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори Алишер Тўраев бугунги кунга қадар амалга оширилган бир қанча муҳим ўзгаришларни қайд этди. Ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилинди ва бу мамлакатимизнинг халқаро бозорга сифатли маҳсулотлар билан қайтишимиз мумкинлигини англатади. Бундан ташқари, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ердан ер ажратиш лойиҳаси бошланган бўлиб, бугунги кунга қадар 175 минг нафар фуқарога ер участкаси ажратилди. Ҳар бир сантиметр ерни мониторинг қилиш мақсадида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ер тақсимлашдаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш учун амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалигининг барча йўналишида инвесторлар учун катта имкониятлар мавжуд. Масалан, унумдорлигини йўқотган тупроқни қайта тиклаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, боғдорчиликни яхшилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш ва бошқа кўп ишларни амалга ошириш зарур.
Латвия қишлоқ хўжалиги вазири Каспарс Герхардс ўз нутқида ёш фермерларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратди. Ўз давлатини мисол қилиб келтирар экан, бу соҳани ривожлантиришдаги асосий масалалардан бири эканини таъкидлади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш учун зарур бўлган воситалар қаторида вазир сармоя, технологик инновацияларни давлат билан биргаликда ривожлантириш, ижтимоий шериклик, маҳсулотларни сертификатлаштириш ва стандартлаштириш, шунингдек, муҳим муваффақиятларга эришилган қишлоқ хўжалиги соҳасини таргет қўллаб-қувватлаш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтди.
«Ўзбекистонда бутун оила мен билан бирга ишлайди ва биз барча ютуқ ҳамда қийинчиликларни ўзбеклар билан баҳам кўрамиз, – дейди Silverleafe компанияси бош директори Ден Паттерсон. — Ҳа, биз бир қанча қийинчиликларга дуч келдик, лекин ислоҳотлар компаниямизнинг бу ердаги имкониятларига ижобий таъсир кўрсатди. Экотизим ҳақида тушунчани шакллантириш ва инвестицияларни янада мақсадли ҳамда фойдали қилиш учун тадқиқотлар ўтказиш зарур. Фермерларга сувни тежовчи технологияларни жорий этиш учун шарт-шароит яратилган – бу айни кунларда жуда муҳим. Шунингдек, биз ҳам мамлакатда сувни тежаш технологиялари билан боғлиқ режаларни амалга оширишни давом эттирамиз. Ҳозир биз ҳукумат ва бизнес ўртасидаги соғлом муносабатлар муҳитини кўрмоқдамиз ва бу биз учун ҳамкорликни давом эттириш ва уни ривожлантириш учун рағбатлардан биридир. Биз логистика компанияси очишни ва у орқали шаффоф ва қулай етказиб бериш соҳасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб қилишни режалаштирмоқдамиз.
Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги муҳим аҳамиятга эга, мамлакат саноатида ялпи ички маҳсулотнинг 17 фоизини айнан шу соҳа ташкил этади, меҳнатга лаёқатли аҳолининг учдан биридан ортиғи шу йўналишда меҳнат қилади. Маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш, бу соҳага сармоя жалб этиш имкониятлари сўзга чиққанлар диққат марказида бўлди.
Халқаро молия корпорациясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Лукас Кейси ўз ташкилоти Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларига, жумладан, қишлоқ хўжалигига сармоя киритишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Rama компанияси билан ҳамкорлик доирасида яқинда Қўқон шаҳридаги ўғитлар ва Қашқадарё вилоятида пахтани қайта ишлашга оид лойиҳаларга инвестиция киритилди. Мутахассис маҳсулот экспорти учун яхши инфратузилма муҳим аҳамиятга эга эканлигини ва бу инвесторлар учун яхши имкониятлар яратишини таъкидлади. Яна бир қўшма лойиҳанинг амалга оширилиши, 300 га яқин брендлар томонидан 2013 йилда ўзбек пахтасига нисбатан эълон қилган бойкотни бекор қилишга ёрдам берди. Ўтган 3 йил давомида биз бу борада иш олиб бордик ва энди мақсадимизга эришиб, Ўзбекистонда ушбу экинни барқарор ривожлантириш бўйича режалар тузишимиз мумкин.
ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ўринбосари Набил Ганжи Ўзбекистон билан ҳамкорликда иш 2001 йилда бошланганини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида экспертлар инвесторлар учун катта истиқболларни кўрмоқда ва фермерлар ва ёшларнинг даромадларини ошириш йўлларини излаш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайдилар – бу мавзу ҳозир бутун дунёда долзарб бўлиб қолмоқда. Агар 2017 йилгача Ўзбекистон асосан пахта экспорт қилган бўлса, ҳозирда хорижга жўнатилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми мева-сабзавот маҳсулотлари бўлиб, бу рақамлаштириш ва технология туфайли амалга ошди. Трансформацияни давом эттириш учун инвестициялар керак — улар соҳа ходимлари учун имкониятларни янада кенгайтиради.






