Тошкент халқаро инвестиция форуми иккинчи кунида Ўзбекистон бўйича Мамлакат платформаси йиғилиши бўлди. Бу ҳақда Инвестициялар ва савдо вазирлиги хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этди.
Ўзбекистон ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва донорлар, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирликлар, идоралар ва ижрочи агентликлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Мамлакат платформаси усулини синовдан ўтказган илк давлатлардан бири бўлди.
Йиғилиш давомида ҳозирги пайтда Ўзбекистонда умумий ҳажми 14,5 млрд долларга тенг ҳамда 20дан ортиқ йўналиш ва тармоқларни қамраб олган 305та шундай лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш, энергетика, транспорт, авиация, инфраструктуравий тараққиёт, соғлиқни сақлаш, таълим ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилган.
Мамлакат платформасининг тизимлаштириш ҳамда истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун молиявий ҳамда техник кўмакни жалб қилишда самарадорликни ошириш воситаси сифатидаги роли эътироф этилди. Ўзбекистон томонидан бундай мувофиқлаштиришнинг институционал асосини кучайтириш мақсадида Президентнинг махсус қарорига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги ташкил этилган бўлиб, у ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан самарали ҳамкорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Мамлакат платформасининг самарадорлиги, айниқса, пандемия даврида яққол исботини топди: донорлар билан фаол ҳамкорлик қисқа фурсатларда пандемияга қарши молиявий ҳамда техник кўмакнинг салмоқли улушини мобиллаштиришга имкон яратди – ушбу мақсадларга 2 миллиард доллардан ортиқ кредит ва грантлар ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ишлаб чиқилган мувофиқлаштирувчи комплекс тадбирлар дастурини ривожлантириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлар билан биргаликдаги фаолиятнинг барча йўналишларида Мамлакат платформаси механизмларини жорий қилишда давом этиши қайд этилди.
Йиғилиш доирасида иштирокчилар Мамлакат платформасининг роли ва аҳамиятига оид фикрларини ўртоқлашди, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликни келгусида чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Осиё тараққиёт банки президенти Масатсугу Асакава давом этаётган форум муҳим воқеа эканлигини, чунки бундай платформа орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни максимал даражада ошириш мумкинлигини таъкидлади. У 2020 йилдаги G20 саммити давомида бу каби платформалар биринчи навбатда иштирокчи давлатларнинг устувор мақсадларига йўналтирилгани ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига мослаштирилгани айтилган эди.
“Биз ҳамкорликни, жумладан, хусусий секторда ҳам синергия ва тажриба алмашиш орқали мустаҳкамлашимиз керак. Биз барча мамлакат платформаларини тараққиётни кузатишга чорлаймиз. ОТБ Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ҳамкори эканлигини ва бизнинг ҳамкорлигимиз мамлакат тараққиётига қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман”, — деди ОТБ президенти ўз нутқида.






