my5
Sevimli

Дарсликлардаги хатолар қачон тузатилади?

ЖАМИЯТ 19.12.2016, 16:25
Дарсликлардаги хатолар қачон тузатилади?

Юртимизда ёшларнинг таълим олишига қаратилаётган эътибор  йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Янги очилаётган коллеж, лицей, мактаблар, олий ўқув даргоҳлари, хорижий мамлакатларнинг нуфузли университетларида таълим олиш учун ажратилаётган ўринлар фикримизнинг исботидир. Илм эгаллаш йўлида нафақат таълим берувчи устозларнинг, балки биз илм ўрганаётган дарсликларнинг ўрни ҳам алоҳидадир. Дарслик яратаётган заҳматкаш устозларимизнинг меҳнати туфайли билим деб аталмиш сирли дунё билан танишамиз. Лекин баъзида дарсликларда учрайдиган, йилдан-йилга такрорланаётган ва янги пайдо бўлаётган хатоларни кўриб, бефарқ қараб туролмаймиз. Ҳайратланарли томони, рус ва ўзбек тилида чоп этилган мактаб дарсликларида айнан бир тарихий маълумотлар турлича берилган.

Бир маълумотнинг икки тилдаги тафовути


Масалан: Т.Салимов, Ф.Султоновлар муаллифлигидаги 7-синфлар учун “Жаҳон тарихи” дарслигида “Дастлабки диний-рицарлик ордени – госпиталерлар ордени бўлган”, дейилган. (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. Тошкент-2013.84-бет) Худди шу китобнинг рус тилидаги нашрида “Первый духовно рыцарский орден – орден Тамплиеров” деб ёзилган. (“Всемирная история” 7. Ташкент-2013. Т. У. Салимов, Ф.Э. Султанов. Стр 84). Нима учун муаллифлар айнан бир тарихий маълумотни рус тили нашрида бошқача беришмоқда?

Форобий қачон туғилган?


Бундай ҳолатни А.Муҳам­мад­жо­новнинг 7-синфлар учун “Ўзбекистон тарихи” дарслигида ҳам кўришимиз мумкин. Мазкур китобнинг 75-бетида “Абу Наср Форобий 873 йилда Арис сувининг Сирдарёга қуйилишида жойлашган Фороб шаҳрида туғилган”, дейилган. (“Шарқ” Тошкент-2013). Худди шу дарсликнинг русча наш­рида эса “Абу Наср Фараби (1203-1270) родился в городе Фараб”, деб ёзилган. (История Узбекистана 7, Мухаммаджонов, стр 75) Наҳотки, Форобий бобомизнинг туғилган йилларини аниқ ёзиш мураккаблик қилса?! Форобийнинг яшаган даврини нима учун турли йиллар билан ёзилганлигига ким жавоб бера олиши мумкин? 

Манғитлар сулоласи қайси йилларда ҳукмрон бўлган?


Яна бир маълумот. Қ.Усмонов, У.Жў­ра­ев, Н.Норқуловлар ҳаммуал­лиф­­лигидаги 8-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигида “1753 йили Бухоро­да ҳокимият тепасига янги сулола – ман­ғит­лар сулоласи келди ва давлатни 1920 йилгача идора қилди” деб маълумот берилган. (“Ўқитувчи” НМИУ. Т-2014. 54-бет).

С.Тиллабоев, А.Замоновларнинг 9-синф учун “Ўзбекистон тарихи” китобида эса: “Бухоро амирлигида манғит сулоласининг ҳукмронлик йиллари 1756-1920 йиллар”, деб кўрсатилган. (“Шарқ” Тошкент-2014). Нима учун манғит сулоласининг ҳукмронлик йилларини кўрсатишда 8-синф ва 9-синф дарслик муаллифлари бир тўхтамга келиша олмаганлар? Мактаб дарсликларидаги маълумотларнинг бир-бирга мос келмаслигига сабаб нима? 

Асрлар тафовути: “пайдо бўлиш” ва “шаклланиш”даги қўпол ­хатолар


Бунга ўхшаш чалкашликни қора­қал­поқлар мавзусида ҳам кўришимиз мумкин. 9-синф “Ўзбекистон тарихи”да “ХIХ аср охирида қорақалпоқларнинг илк ёзма асарлари пайдо бўла бошлади”, дея маълумот берилган (84-бет). 8-синф “Ўзбекистон тарихи”да эса: “ХVIII асрдан бошлаб қорақалпоқ ёзма адабиёти шакл­ланди ва ривожлана борди”, деб ёзилган (112-бет). Қорақалпоқ халқи ёзма адабиётининг пайдо бўлишини 9-синф дарслик муаллифлари ХIХ аср деб кўрсатишса, 8-синф муаллифлари шаклланиш ва ривожланишини ХVIII аср деб ёзишмоқда. Қайси бири тўғри? Тарихда бундай қўпол хатоларга йўл қўйиш мумкинми?!

Қўқон хонлигига қачон асос солинган?

 

8-синф “Ўзбекистон тарихи”дан яна бир маълумот. Мазкур дарсликнинг 115-бетида “1710 йилда минг уруғи чодаклик дин пешволари ҳокимиятини ағдариб, Фарғона водийсида ҳокимиятни ўз қўлларига олганлар. Шу тариқа, Марказий Осиёда кейинчалик Қўқон хонлиги деб аталган янги давлат вужудга келди”, дейилган. Айнан шу китобнинг 117-бетида “1709 йилда Фарғонада ўзбекларнинг минг уруғи Қўқон хонлигига асос солди”, деб ёзилган.

Такрор учраётганига нима дейсиз?

Ҳайратланарли томони, дарсликларнинг ҳар галги янги нашрида юқоридаги хатолар тузатилмай, босмадан чиқмоқда. Бундай ҳолатларга асосий сабаб нимада? 
М.Лафасов, У.Жўраев, Э.Холиқов, Д.Қодировалар ҳам­муал­лиф­лигидаги 9-синф “Жаҳон тарихи”нинг 119-бетида “1911 йил 5 ноябрь куни Ливия Италия мулки деб эълон қилинди”, деб маълумот берилган. Худди шу китобнинг 85-бетида эса: “1912 йилдан бошлаб Ливия Италия мустамлакасига айланди” деб ёзилган. (“Ўқитувчи”. Тошкент-2014) Ливия 1912 йилда Италия мустамлакасига айланганми ёки 1911 йилда?

 

Қайта ишланса-да, хатолар тузатилмайди
М.Лафасовнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун “Жаҳон тарихи” дарслиги ҳар йили тўлдирилган ва қайта ишланган нашр деб босмадан чиқади. Лекин ҳар гал хатолар такрорланаверади. Масалан, ушбу китобнинг 165-бетида “Исроил ва Миср давлатлари ўртасида Кемп-Девид шартномасининг имзоланганлиги 1978 йил”, деб маълумот берилган. 308-бетда эса: “1979 йилнинг 26 мартида АҚШ Исроил ва Миср ўртасида сепарат Кемп-Девид битими имзоланишига эришди”, деб кўрсатилган. 314-бетда “Яқин Шарқ муаммоси туфайли Миср 4 марта араб-исроил урушига тортилди. Ва ниҳоят, 1979 йилда имзоланган Кемп-Девид шартномаси туфайли Исроил билан тинчликка эришди”, деб ёзилган. (“Турон-Иқбол” Тошкент-2014) 

Нима сабабдан Кемп-Девид шартномасининг йиллари бир китобнинг турли бетларида турлича берилган? Қайси бири тўғри?
Мазкур “Жаҳон тарихи” дарслигида қуйидагича хатоликларни ҳам учратишимиз мумкин: 

1) 239-бетда “Россия билан Ўзбекистон ўртасида дўстона муносабатлар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. 2011 йилда Россия билан Ўзбекистон ўртасида 6 млрд. 680 млн. долларни ташкил этди”, дейилган. Китобдаги бу жумла ҳатто муаллифлар учун ҳам тушунарсиз бўлса керак. Нима учун жумлага аниқлик киритилмаган?

2) яна бир чалкашлик 273-бетда “Ҳиндистон ташқи сиёсатида тинч-тотув яшашнинг ўзи ташаббускор бўлган беш тамойилига (Панча чила – 1955 йилги Бандунг конференциясида Осиё халқлари ўртасида халқаро муносабатларга асос қилиб олинган) амал қилади. (Қаранг: Хитой мавзуси)”, дейилган. Лекин Бандунг конференцияси ҳақида Хитой мавзусидан ҳеч қандай маълумот топиб бўлмайди. Нима сабабдан китобнинг ҳеч бир мавзусида бўлмаган Бандунг конференциясини ўрганиш ўқувчидан талаб қилинмоқда? 

3) 374-бетда “Сюрреализмнинг кубистик йўналишидаги намояндалари Пабло Пикассо (1881-1873)... ва бошқалар”, деб кўрсатилган. Наҳотки Пабло Пикассо 1881 йил туғилиб 1873 йил вафот этган бўлса? Нима учун йиллардаги бу хатони ҳеч ким пайқамаган? Жумлаларнинг бу даражада тушунарсиз бўлишига сабаб нима? 

Нафақат тарих, адабиёт дарсликлари ҳам хатодан холи эмас!
Бундай хатоларни нафақат тарих, балки адабиёт дарсликларида ҳам кўришимиз мумкин.

Қ.Йўлдошев, В.Қодиров, Ж.Йўлдош­беков­ларнинг 9-синфлар учун “Адабиёт” дарс­лиги 138-бетида қуйидагича маълумот кел­тирилган:

“Мушкин қошининг ҳайъати ул чашми жаллод устина,

Қатлим учун “нас” келтирур “нун” элтибон “сод” устина.  

Мақтаъда маъшуқанинг қоши ва кўзи таъриф этилмоқда” дейилган. 

Бу парча Огаҳийнинг “Устина” радифли ғазалидан дастлабки байт эди. Дарсликнинг 162-бетида “Ғазалнинг биринчи байти матлаъ (арабча “бошланма”), охирги байт мақтаъ (арабча “тугалланма”) дейилади”, деб ёзилган. (“Янгийўл полиграф сервис” Тошкент-2014) “Устина” радифли ғазалининг дастлабки байти нима учун мақтаъ деб аталаётгани ўқувчини ҳайратга солади?                

Дарсликларда тез-тез кўзга ташланиб турадиган бундай хатолар учун фақат муаллифлар эмас, балки китоб чоп этишда иштирок этадиганларнинг барчаси жавобгар ва масъулдирлар. Дарсликларни нашрга тавсия этувчи масъуллар, жумладан, Республика таълим маркази ижтимоий фанлар бўлими қаёққа қарамоқда?

Ҳар қандай муаммони ҳам агар чин дилдан хоҳласак, ечимини топса бўлади. Ахир юртимиз келажаги учун зарур кадрларни тайёрлаб бераётган олий таълим даргоҳларига кириш имтиҳонларининг тест синовлари дарслик­лардан тузилади. Умид қиламизки, дарслик­лардаги хатолар юзасидан мутасаддилар ўз муносабатларини билдирадилар.

Юқорида келтирилган камчиликлар дарсликларнинг янги нашрларида такрорланмайди, деган умиддамиз. Бу йўлда муаллиф — устозларга омад тилаймиз!

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси