АсосийShou-biznes

“Ёқмаса кўрма!” Райҳон бошловчилигини танқид қилаётганларга муносабат билдирди

Хонанда Райҳон Ғаниева “Миллий” телеканал орқали эфирга узатилаётган “Хит парад” кўрсатувида ўзини бошловчи сифатида синаб кўраётганидан хабарингиз бор. Кимдир Райҳоннинг бошловчилигига ижобий фикр билдирса, айримлар хонандани ўзбек тилидаги сўзларни бузиб талаффуз қилишда айблаб, кескин танқид қилмоқда. 

“Sayyod.com” раҳбари Райҳон билан интервьюда аксарият шоу-бизнес вакиллари Райҳоннинг телебошловчилик қилаётганига танқидий руҳда ёндашаётгани, “Шартми шу кўрсатувни олиб бориши?” деб сўраётганини маълум қилди. 

“Аммо, энг асосийси халққа ёқяпти. Бу каналга одамлар эътиборини жалб қиляпти. Агар кўрсатувни бошқа хонандалар кўраётган бўлса, билишади. Кўрсатув муҳаррирининг ҳаракатлари туфайли ҳар бир хонанда учун алоҳида, қувноқ таърифлар ўйлаб топилмоқда. Мен кўрсатув ижодкорлари билан ҳамкорлик қилаётганимдан хурсандман. Улар билан ярим йилдан бери бирга ишлаяпмиз. Кўрсатув ҳафтада бир маротаба эфирга узатилади. Ҳозирда бошловчилик қилишга умуман қийналмаяпман. Билмадим, мени мақташяпти. Айтишларича, акцент ҳам йўқолган. 

Мен бу ишни нима учун қиляпман, биласизми? Менинг сўзлашув тилим борасида кўп муҳокамалар бўлди. Ўзбек тилидаги кўрсатувга бошловчилик қилишим билан эса   одамларга ўзбек тилида сўзлашишга ҳаракат қилаётганимни кўрсатмоқчиман. Ҳамма нарсанинг ёмон томонини кўрадиган ва ҳар нарсадан камчилик қидирадиган одамларни тушунмайман. Ёқмаса, кўрма! Мен ҳар доим ҳамма нарсага яхши кўз билан қарашга ҳаракат қиламан”,—дейди Райҳон.

Райҳоннинг “Миллий” телеканалидаги бошловчилик фаолияти ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинади. Аксарият интернет фойдаланувчилари хонандани ўзбек тилида акцент билан гапиришда айблайди.

Бошқа янгиликлар