Бир пайтлар вазни 453 килограмм бўлган бу аёлни барча “жиянини ўлдирган ярим тонналик қотил”, деб атарди, энди эса ҳаммаси ўзгарди, дея хабар берди “Wuzzup.ru” нашри.
Техаслик Мэра Росалес 2008 йилда вафот этган жиянининг ўлимида ўзини айблаб, полицияга уни танаси билан босиб ўлдириб қўйганлигини маълум қилди. Машъум фалокатдан кейин унга яшашнинг қизиғи қолмади.
Аммо ўтказилган суд-тиббиёт экспертизаси бола бошидан олган жароҳати туфайли оламдан ўтганлигини аниқлади. Мэранинг опаси боласини уриб, ўлдириб қўйганлигини тан олгач, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Шундан кейин Мэра опасининг қолган фарзандларига ғамхўрлик қилиш учун ҳам оёққа туриши лозимлигини англади.
У ҳаётини яхши томонга ўзгартириш учун 2011 йилдан бошлаб, озишга ҳаракат қилди ва 11 та операцияни бошдан кечирди. Шу билан бирга овқатланиш рационини қайта кўриб чиқди.
“Илгарилари фақат овқат ейиш учун яшаган бўлсам, энди аксинча, яшаш учун овқатланяпман”, деб тан олди Мэра.
“У узоқ йиллар давомида тўшакда ётган, Мэранинг шахсий ҳаёти бўлмаган”, — деди унинг даволовчи врачи, Хьюстонлик жарроҳ Юнэн Ноузарадэн.
Мэра опасининг судидан кейин врач Юнэн Ноузарадэн билан биргаликда даволаш курсларини бошлади. У биринчи 10 кунликда 45 килограмм озишга муваффақ бўлди.
Ҳозирда Мэрани таниш жуда қийин, у озиб, қадди-қомати келишган аёлга айланган. Озгандан кейин муҳаббатини учратиб, шахсий ҳаётини ҳам йўлга қўйди. Ҳозирда 34 ёшли Мэранинг вазни 90 килограммни ташкил қилади.