Кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида ҳам гўшт, сут ва тухум етиштириш ҳажми бир неча баробар ошди. Мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқарувчиларнинг кўпайиб бораётгани ўсиш суръати барқарор бўлишига замин яратмоқда, деб ёзади ЎзА.
Ўтган йилда вилоятда паррандачилик соҳасида 160 дан ортиқ истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Жойларда тухум ва товуқ гўшти етиштиришга ихтисослашган янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиши, ишлаб турган корхоналар қуввати кенгайтирилиши ва модернизация қилиниши самарасида тармоқда маҳсулдорлик янада ошмоқда, таннарх арзонлашмоқда. Натижада ички истеъмолдан ортган маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилмоқда. 2016 йил вилоят ишбилармонлари томонидан ташқи бозорга қарийб 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги тухум экспорт қилинди. Бу жараёнда уларга божхона ходимлари яқиндан ёрдам бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тухум экспорти ҳажми бир неча баробарга ошди ва январь ойининг ўзидаёқ қиймати 438 минг долларлик тухум экспорт қилинди.
Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти бундан беш йил аввал ташкил этилган. Тадбиркорлик субъекти ўтган даврда сезиларли ривожланишга эришди. Айни пайтда корхона фабрикасида боқилаётган товуқлар сони 80 минг бошга етган. “Хай-лайн” зотига мансуб бу товуқлар касалликка чидамлилиги ва маҳсулдорлиги билан ажралиб туради.
Тадбиркорнинг қайд этишича, ушбу корхона ҳам ўтган йилдан бошлаб тухум экспорт қилишга киришган. Афғонистон давлатидаги “Ixlos Ltd.” фирмаси томонидан 107 минг долларлик маҳсулот харид қилинган. Ҳамкорлар жорий йилда 7 миллион дона тухум етказиб бериш бўйича келишув имзолаган.