АсосийJamiyat

​Тошкент шаҳар ИИББ “Озодлик” тарқатган хабарга раддия берди

'​Тошкент шаҳар ИИББ “Озодлик” тарқатган хабарга раддия берди'ning rasmi

9 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра ўтказилаётган навбатдаги “пайшанбалик” ўтказилди.

Ҳафтанинг айнан шу куни давлатимиз раҳбари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилинганлиги барчага маълум.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳафта давомида Ички ишлар ва прокуратура органлари томонидан олиб борилган ишлар юзасидан ҳисобот берар экан айрим чет эл ОАВлари, хусусан “Озодлик” нашрининг чиқарган хабарига раддия берди.

“Озодлик”нинг хабарида 3 март куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган “Жиззах сити” кафесига миллиция итлар билан бостириб киргани ҳамда барча кафе мижозлари ва ходимларини автобусга солиб, ички ишлар бўлимига олиб кетгани ҳақида ёзиб қолдирилди. Шунингдек хабарда гўёки собиқ ички ишлар зобити томонидан “Тошкент шаҳрида ишлайдиган милиция ходимларига солинган жарима плани борлиги, ҳар бир ходим 4 миллион сўмлик жарима манбаи топиб келиши кераклиги ҳақида берган маълумотлари ёзилган. Ва ушбу тадбир мазкур режа доирасида, Чилонзор тумани ИИБ бюджет олдидаги қарздорлигини ёпиш учун уюштирилган” дея берган маълумотлари ёзилган.

Дониёр Тошхўжаев журналистлар билан учрашувда мазкур хабар ҳеч қайси ақлга сиғмаслиги ва фурсатдан фойдаланиб ушбу хабарга раддия беришини маълум қилган.

Ваҳоланки, ИИБга “Жиззах сити” кафесига тунги вақтларда қўшмачи фоҳишалар ва бошқа жиноий элементлар борлиги ҳақида тезкор маълумотлар келиб тушган. Шу сабабли 3 март куни тунги соат 23:30да ИИБ ходимлар томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, 25 нафар фохишалик билан шуғулланувчи қизлар, Тошкентда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаётган фуқаролар, кафе раҳбарияти томонидан вақтинчалик яшашга рухсати бўлмаган ходимларнинг ишга қабул қилинганлиги аниқланган.

Аслида фаолияти тунги соат 23:00 гача давом этиши керак бўлган кафе, ушбу вақтда ўтган бўлишига қарамай кафеда 30 дан кўп муқаддам судланган ва контингентга тўғри келмайдиган шахслар борлиги маълум бўлган.

“Кафедаги ноқонуний фаолият ҳақида бизларга маълумот келиб тушган. Қўрқмасдан айта оламиз, қайси ОАВда ёзилишидан қатъи назар, у хоҳ “Озодлик” бўлсин, хоҳ бошқаси, агар қачондир яна шунга ўхшаш маълумотлар оладиган бўлсак, томошабин бўлиб турмаймиз. Аҳолимиз тинчлигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш учун қонун доирасида ўз ҳаракатларимизни амалга оширамиз. Тадбиркор тадбиркорлиги билан шуғулланиши мумкин, аммо қонунбузарлик қилишга ҳеч ким унга ҳуқуқ бермайди. Ким бўлмасин, у қонун доирасида иш тутиши шарт. Ким ёзишидан қатъи назар мазкур кафе раҳбари ҳам қонун олдида тегишли жавоб беради.”, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.

Раддиядан сўнг, журналистларга мазкур кафеда суратга олинган видеолавҳалар намойиш этилди. Тасвирларда аёллар, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, сигарет чекиб ўтирган эркаклар, шовқин кўтараётган улфатлар, ҳатто, вояга етмаган болаларнинг хатти-ҳаракатлари акс этган.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар